ТОШКЕНТ, 31 авг – Sputnik. Ҳудудига бир гуруҳ афғон учувчилари қочган Ўзбекистон ҳукумати АҚШдан уларни “Толибон”* ҳаракати билан “кескин муносабатлардан қочиш” мақсадида тезроқ бошқа учинчи мамлакатга кўчиришни сўрамоқда. Бу ҳақда Американинг “The Wall Street Journal” газетаси ўз манбаларига таянган ҳолда ёзмоқда.
Афғонистонда ҳукуматни толиблар эгаллаб олгандан сўнг мамлакатдан бир гуруҳ Ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари Ўзбекистонга қочган.
Нашр маълумотларига кўра, бортида юзлаб одамлар – учувчиларнинг ҳамкасблари ва қариндошлари бўлган 46 та самолёт ва вертолётлар ҳақида бормоқда.
Таъкидланишича, ҳарбий учувчилар толибларнинг “энг ашаддий душманларидан бири” саналади чунки улар ўнлаб йиллар давом этган тўқнашувларда кўплаб қурбонлар олиб келган.
Ўзбекистонга жами шу йўл билан 585 афғонлар келгани айтилмоқда, ҳозир улар COVID-19 беморлари учун мўлжалланган вақтинчалик госпиталларда яшашмоқда.
Шу боис Тошкент Вашингтондан Кобул билан муносабатларни кескинлаштиришнинг олдини олиш учун Афғонистон фуқароларини тезроқ учинчи мамлакатларга олиб кетишни сўрамоқда.
АҚШ Давлат департаменти мазкур ҳолатга муносабат билдирган: “Уларнинг узоқ муддатли хавфсизлигини таъминлаш борасида мавжуд барча имкониятларни ишга солган вақтимизда Ўзбекистон ҳукумати афғонларни қабул қилишни давом этаётгани сабаб миннатдорчилик билдирамиз”.
* Россия ва қатор мамлакатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти