ТОШКЕНТ, 6 авг - Sputnik. Ўзбекистон президентлик сайловида "Миллий тикланиш" демократик партияси томонидан партия етакчиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров номзод сифатида қатнашади.
Бу ҳақда 6 август, жума куни "Миллий тикланиш" ДП марказий кенгашининг навбатдан ташқари плениумида маълум қилинди, дея хабар бермоқда "Дарё".
Маълумот учун, Алишер Қодиров 1975 йилда туғилган. 1996 йилда Эгей университетини (Туркия), 2009 йилда Тошкент молия институтини (сиртдан) ва 2011 йилда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.
2015 йилдан бери депутатлик фаолиятини юритаётган Алишер Қодиров 2019 йилнинг май ойида партия раислигига сайланган. Унга қадар Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари сифатида меҳнат қилган.
Қонунчиликка кўра, партия юқори органи унинг номзодини маъқуллаши, Республикадаги жами сайловчиларнинг камида 1 фоизи номзодни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши керак бўлади.
Ўзбекистонда 23 июль куни президент сайлов кампаниясига старт берилди. Мазкур сайловларда 5 та партия – "Адолат" СДП, "Миллий тикланиш" ДП, ЎзЛиДеП, ХДП ва Ўзбекистон Экологик партияси ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга.
Аввалроқ Ўзбекистон президентлик сайловида Экопартия томонидан партия марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов, "Адолат" социал-демократик партияси томонидан партия сиёсий кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов номзод сифатида иштирок этиши маълум бўлганди.
Президент сайлови 24 октябрь куни ўтказилади. Сайловга жами 300 миллиард сўм, ҳар бир номзодга эса 3 миллиард сўмдан ажратилади.