ТОШКЕНТ, 6 авг — Sputnik. Марказий Осиё мамлакатлари президентлари Туркманистонга ташрифлари давомида Каспий денгизи бўйлаб яхтада саёҳатга чиқдилар, деб хабар бермоқда "Туркманистон Олтин аср" давлат сайти.
Хабарда айтилишича, давлат етакчиларини яхтада сайр қилишга республика раҳбари Гурбангули Бердимуҳаммедов таклиф этган.
Денгиздаги саёҳатдан фотосуратлар Қозоғистон президенти матбуот-котиби Берик Уали томонидан эълон қилинган.
Қосим-Жомарт Токаевдан ташқари суратда Бердимуҳаммедовнинг ўзи, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари - Садир Жапаров, Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмонларни кўриш мумкин.
Президенты стран Центральной Азии прогулялись на яхте по Каспийскому морю в ходе визита в Туркменистан
© Пресс-служба президента Казахстана
Саёҳат давомида улар илгарироқ эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича фикр алмашиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилганлар.
Сўнгра давлат раҳбарлари автобусда "Аваза" - кўпфункцияли спорт мажмуасига йўл олишган. Йўл-йўлакай миллий сайёҳлик зонасининг табиий ўзига хосликлари ва замонавий объектларни томоша қилиб борганлар.
Марказий Осиё давлатлари президентлари Туркманистон етакчиси томонидан одамлар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом ва фаол турмуш тарзини рағбатлантириш, жисмоний тарбия ва спорт ҳаракатини ривожлантириш, замонавий ихтисослаштирилган инфратузилмани шакллантиришга қаратилган стратегияга юқори баҳо берганлар.
Бугун Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Улар савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт-коммуникация соҳаларидаги минтақавий ҳамкорлик масалаларни, шунингдек, коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашиш чораларини муҳокама қиладилар.