ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. Сурхондарё вилояти Узун туманида вояга етмаган бола ва ИИВ ходимларини дўппосланган беш нафар фуқарога қарши жиноий иш очилди.
Вилоят ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, сариосиёлик А.О., Ш. Д., Б. Ш., Н. А. ва Р. Ш.лар тумандаги Ўзбекистон маҳалласида жойлашган чорраҳа ёнида вояга етмаган Р.С.ни ҳеч бир сабабсиз дўппослашган.
Шу вақтда яқин ўртада хизмат вазифасини ўтаётган Узун тумани ИИБ ходимлари жанжални бартараф этишга уринишган. Бироқ безорилар ИИБнинг 2 нафар ходими С.М. ҳамда С.Қ.ларга фаол қаршилик кўрсатиб, уларга қасддан тан жароҳати етказишган.
Мазкур ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми "г" банди (безорилик жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиб содир этилган бўлса) билан иш қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.