ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. 1 август куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ўзбек-рус-тожик ҳамкорлигидаги ўқув машғулотларида иштирок этиш учун узоқ масофали марш асосида Тожикистонга етиб боришди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Ўзбек ҳарбий хизматчиларини Тожикистон мудофаа вазирлигининг масъул ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари тантанали кутиб олди.
Военные Узбекистана примут участие в учениях с Россией и Таджикистаном
© Министерство обороны Узбекистана
Қайд этилишича, ҳамкорликдаги машғулотлар Тожикистондаги “Ҳарб майдон” дала ўқув майдонида бўлиб ўтади.
“Мазкур ҳамкорликдаги машғулотлардан кўзланган асосий мақсад Марказий Осиё минтақасида барқарорликни мустаҳкамлаш, юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш, махсус операциялар ўтказишини режалаштириш ҳамда қўшинларни тайёрлаш, ўзаро тажриба алмашишдан иборат”, - дейилган хабарда.
Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, ўзбек-рус-тожик ҳамкорлигидаги ўқув машғулотлари 5 августдан 10 августга қадар ўтказилади. Ўзбекистондан 200 нафарга яқин ҳарбийлари иштирок этади, 20 дан ортиқ ҳарбий техника жалб қилинади.
Таъкидланишича, машғулотларнинг асосий босқичида иштирокчилар давлат чегарасини кесиб ўтган шартли ноқонуний қуролли тузилмани йўқ қилиш учун тактик ҳаракатларни ишлаб чиқишлари керак бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ август ойида Афғонистон билан чегара яқинидаги Тожикистоннинг Хатлон вилояти полигонида Россия, Ўзбекистон ва Тожикистон қўшма ҳарбий машғулотлари бўлиб ўтиши хабар қилинган эди.