Шулардан бири – Афғонистон тарқалиб кетиши, унинг ўрнида ўзбеклар, тожиклар ва пуштунларга тегишли бўлган учта мустақил давлат пайдо бўлиши ёки ушбу ҳудудларнинг қўшни давлатларга қўшилиб кетиши ҳақидаги қарашлар ҳам бўлган. Бироқ, ҳаёт кўрсатяптики, сиёсий башоратлар ўзини оқламайди. Айниқса, шарқда.
Қайсики, давлатчилик масаласида кўпроқ тизимлар, қонун-қоидалар эмас, балки урф-одатлар, шахсларнинг ўрни долзарб саналади. Афғонистон бўлиб ўтган 40 йиллик талатўпларга қарамай, мустақиллигини, яхлитлигини сақлаб қолди.
Албатта, беҳаловат давр ва номаълум келажак нафақат афғон ҳалқини, нафақат унинг қўшниларини, балки жаҳон ҳамжамиятини ҳамон безовта қилмоқда.
Яқинда Ўзбекистонда бўлиб ўтган "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар" мавзусидаги халқаро конференцияда ҳам асосий эътибор Афғонистонга қаратилди.
Тарихдан кўрамизки, Марказий Осиёда тараққиёт Буюк ипак йўли билан бевосита боғлиқ. Яъни қуруқликдан ўтган ва Осиёни Европа билан боғлаган йўл минтақада ривожланиш, тараққиётга олиб келган эди. Сув йўлларининг очилиши, кемасозликнинг ривожланиши оқибатида эса Буюк ипак йўли, шу билан бир вақтда минтақадаги тараққиёт ҳам таназзулга юз тута бошлади. Ўзбекистонда тарихнинг ушбу сабоғини яхши эслашади ва кўп йиллардан буён тарихнинг ушбу хатосини тўғрилаш илинжида бўлишади.
Айтиш лозим, Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки 27 йили давомида, барча қўшнилар билан, юмшоқроқ айтганда, апоқ-чапоқ бўлиб кетмаган эса-да, Афғонистон орқали Покистон ва денгизга чиқиш ғоясидан ҳеч қачон воз кечмаган эди.
Бугун, Ўзбекистон очиқлик сиёсатини намоён этиб, барча қўшнилар билан очиқ , конструктив мулоқот олиб бораётганда жанубий йўналиш янада долзарб бўлиб қолди.
Ўзбекистон Республикаси президенти юқорида қайд этилган конференциядаги нутқида илгари сурган 10 та таклифнинг барчаси ҳам қайсидир маънода, Афғонистон ва ундаги барқарорликка бевосита тегишли бўлади.
Ушбу таклифлар ҳақида сўз борар экан, уларни Ўзбекистон кейинги беш йил давомида ўз амалиётида синовдан ўтказганини таъкидлаш лозим. Яъни, улар Ўзбекистоннинг ички сиёсатида амалга ошираётган ғоялар ва қарашлардан иборат.
Бу савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўладими, транспорт-логистика инфратузилмасини яратиш бўладими, рақамлаштиришми, илм-фаннинг ривожлантиришми, инвестициявий жозибадорликни оширишми, озиқ-овқат хавфсизлигими, туризмни ривожлантиришми, "Яшил" иқтисодиётми – барчаси бугун Ўзбекистонинг кундалик ҳаётига айланиб улгурган ғоялар.
Ўзбекистон, кейинги беш йил ичида минтақада тинчликни, ўзаро ҳамкорликни кучайтириш борасида энг кўп қайғураётган ва бунга ҳаракат қилаётган мамлакат.
Кўринадики, таклиф этилаётган ғоялар ҳам бевосита ушбу қарашларнинг инъикоси. Марказий ва Жанубий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Афғонистон муаммосини ҳал қилмай туриб, уларни амалга ошириш жуда мушкул бўлар эди.
Шу сабабдан, Ўзбекистон жанубий қўшнисининг барқарорлиги йўлида, анчайин эҳтиёткорлик билан, муттасил ва қатъий ҳаракат қилиб келмоқда. Айнан Ўзбекистон минтақада биринчилардан бўлиб ўз сиёсатини қўшнилар билан ғоявий, мафкуравий мақсадга мувофиқлик нуқтаи назаридан эмас, балки иқтисодий, ижтимоий ўзаро манфаатдорлик асосларида ҳамкорлик томонга йўналтирди.
Айтишларича, ҳали ўтган асрнинг 90-йилларидаёқ Ўзбекистон "Толибон"* билан музокаралар ўтказишга ҳаракат қилиб кўрган.
Мамлакат ўзининг геосиёсий жойлашувига кўра, ҳаммадан кўра кўпроқ Афғонистонда тинчлик бўлиши тарафдори. Шу мақсадда, назаримизда, у қўшни давлатда ҳокимият тепасига қандай кучлар келишидан қатъий назар, ҳамкорлик қилишга тайёр.
Албатта, толиблар ҳам бугун ўтган асрдаги толиблар эмас, уларнинг кейинги ҳаракатларида, агар бу вақтинчалик тактика бўлиб чиқмаса, қўшниларнинг манфаатларига тажовузкорлик оҳанглари сезилмаяпти. Уларнинг сўзларида тобора кўпроқ мамлакат ва миллат манфаатлари ҳақидаги қарашлар жарангламоқда.
Ўзбекистон жанубий қўшнисининг ички муаммоларига аралашиш тарафдори эмас, буни жафокаш афғон халқининг ўзига қўйиб бериш ва у қандай ҳукуматни қўлаб-қувватласа, шу билан ҳамкоролик қилиш тарафдори.
Ҳамкорлик режалари эса улкан: мамлакатни Марказий Осиё электр тармоқлари тизимига улаш, Термиз-Мозори Шариф-Қобул-Пешавор темир йўлини қуриш.
Шунингдек, маданий, ижтимоий соҳаларда ҳам мулоқотлар, ҳамкорлик режалаштирилган. Бунинг учун эса пойдевор қўйилган ҳам: Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этилган.
Марказда ўзбек тили ва адабиёти, транспорт тузилмалари ва уларнинг эксплуатацияси, электр энергетикаси, бино ва иншоотлар қурилиши, муҳандислик коммуникациялари қурилиши ва монтажи, хизмат кўрсатиш техникаси ва технологияси, иқтисодиёт, менежмент, информатика ва ахборот технологиялари, бухгалтерия ҳисоби ва аудит ҳамда тиббиёт йўналишларида 200 нафарга яқин талабалар таҳсил олмоқда.
Бу ёшлар келажакда Ўзбекистон ва Афғонистон дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу кунларда яна бир хабар келди – афғон ҳукумати "Толибон"* билан сулҳ масаласида келиша олишмади, бироқ инфраструктурага зарар етказмаслик ва тинч аҳолига азоб бермасликка келишиб олинди. Шунинг ўзи ҳам катта гап.
Ҳатто уруш ҳам жаҳолат билан олиб борилмаслиги керак.
* РФда таъқиқланган халқаро террористик ташкилот.