Ўзбекистонда русийзабон ветеран-журналистлар кенгашини тузиш таклиф этилди

Журналистлар ижодий уюшмаси раиси сўзларига кўра, ушбу таклифни бугунги кунда пенсия ёшида бўлган русийзабон журналистлар хайрихоҳлик билан кутиб олишган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 июл - Sputnik. Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров русийзабон ветеран-журналистлар кенгашини ташкил этиш таклифи билан чиқди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
"Бугун мамлакатимизда рус тилида ижод қиладиган жуда кўплаб журналистлар бор, улар орасида кексалик гаштини сураётганлари ҳам кўп. Мана шундай ҳамкасбларимизга доимий мулоқот майдонини яратиш мақсадида Россияда ижод қилаётган ҳамюртимиз, тарихчи Фёдор Раззақов билан Тошкентда ўтказилган учрашув давомида ушбу таклифни билдирдим", - деди Ўсаров.
Бугунги кунда Журналистлар ижодий уюшмаси ҳузурида 10га яқин кенгашлар ўз фаолиятини олиб боради: суд-ҳуқуқ масалалари бўйича, ёш журналистлар бўйича кенгашлар шулар жумласидан. Пенсия ёшидаги русийзабон журналистлар кенгашини ташкил қилишдан мақсад эса - нафақа ёшида бўлган ва бугун уйда ўтирган журналистларнинг мулоқот майдонини яратиш.
“Экстравагант қарор”: ҳоким Маъруф Усмонов кутилмаганда хорижий журналистларга гид бўлди
Аммо, бу ҳозирча таклиф холос, бу бўйича таъсис йиғилиш амалга оширилгани йўқ, дея аниқлик киритди Ўсаров.
Журналистлар ижодий уюшмаси раиси ушбу таклифни бугунги кунда пенсия ёшида бўлган русийзабон журналистлар хайрихоҳлик билан кутиб олишганини қўшимча қилади.
"Улардан "яхши таклиф, бизни анчадан бери ҳеч ким сўрамай қўйган эди. Тўғриси, бугунги кун журналистикасидан анча узоқлашиб қолган эдик", деган фикрларни эшитдим. Ўзбекистонда журналистика йўналишида рус тилида сабоқ оладиган талабаларимиз бор. Бу кенгаш аъзолари билан мана шу талабалар учрашувларини ташкил қилиш, ветеран-журналистларимизнинг ижод кечаларини ўтказиш ёки бўлмаса уларнинг маҳорат мактабларини ташкил қилиш режамизда бор", - дея истиқболдаги режалар билан ўртоқлашди суҳбатдош.
Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева фахрий журналист ҳолидан хабар олишди
Ўсаров, ветеран-журналистлар ўзларига шогирд тайёрлаш имкониятига эга бўлишларини қўшимча қилди.
"Очерк ёзиш бўйича анча йиллар илгари жуда машҳур бўлган журналистларимиз бор. Улар ўз мактабини яратиши ва очеркшунос журналистларни тайёрлаши мумкин. Фельетон ёзадиган журналистларни тайёрлашса ҳам жуда яхши бўларди", - деди Ўсаров ва ўз "маҳорат мактабини ташкил қилган ветеран-журналистларга Журналистлар ижодий уюшмаси томонидан ойлик маош ҳам тўлаб берилиши кўзда тутилаётганини қайд этди.
Олий мақсад эса, ветеран-журналистларимизнинг ижтимоий фаоллигини оширишдир, деди ўз сўзи якунида Ўсаров.
Олимжон Ўсаров (1973 й.т.) Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини (1996), Тошкент Давлат юридик институтининг суд-прокурорлик факультетини (2002) тамомлаган.
У Олий Мажлис Қонунчалик палатаси депутати, Олий суд ахборот хизмати раҳбари лавозимларида фаолият кўрсатган. У шу пайтга қадар "Нуроний" газетаси бош муҳаррири сифатида ишлаб келаётган эди.