ТОШКЕНТ, 28 дек - Sputnik. Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси раҳбарияти Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева 8 йилдан буён Республика уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида яшаётган фахрий журналист Рустам Обидовнинг ҳолидан хабар олишди.
Хабарда айтилишига кўра, Рустам Обидов аллақачон пенсиuяга чиққанига қарамай, таржималар қилиб, астойдил ишлашда давом этмоқда. Лекин 2020 йилодан пандемия туфайли оғир молиявий аҳволга тушиб қолган ва пансионатда яшаш харажатларининг барчасини тўлай олмаган.
Алламжонов, ушбу вазиятда фахрий журналистга ёрдам беришни Масс-медиа фондининг бурчи деб ҳисоблашини маълум қилган.
"Масс-медиа фонди ва шахсан мен Рустам Обидовга унинг муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беришни ўз бурчимиз деб ҳисоблаймиз. Фахрий журналистлар Ўзбекистон тарихидир. Уларнинг меҳнати ва фидокорона фаолияти туфайли биз мамлакатимиз босиб ўтган йўл ҳақида биламиз ва бизнинг бу кўмагимиз уларга ва уларнинг меҳнатларига билдирилган миннатдорчилигимизнинг кичик бир қисмидир", - дейди Алламжонов.
Маълумот учун, журналист Рустам Обидов пансионатига 18 миллион сўм миқдорида қарзи бор. Масс-медиани ривожлантириш фонди ушбу тўловни ўз зиммасига олди.
Ундан ташқари, бироз олдин Фонд байрам арафасида 100 га яқин фахрий журналистларга ҳам ёрдам ажратилишини маълум қилган эди. Рўйхатни тузишда журналистларнинг ижтимоий тармоқлардаги жамоалари ва тегишли ташкилотлар кўмаклашган. Фонд уларга жами 150 миллион сўмлик ёрдам кўрсатади.