Мутахассис эмлангандан кейин ҳам коронавирус юқтириб олиш кузатилиши юзасидан изоҳ берди

Маълум бўлишича, Зангиотадаги шифохонада даволанаётган беморларнинг 11 нафари биринчи вакцинация босқичидан сўнг шифохонага мурожаат қилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. Зангиота туманидаги 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов коронавирус ва эмланиш ҳақидаги саволларга жавоб берди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, ҳозирда олинаётан барча вакциналар коронавируснинг мавжуд штаммларидан ҳимоя қила олади. Энг асосийси, COVID-19га қарши эмланиш касалликнинг нохуш ва оғир асоратларидан асрайди.
“Тўғри, айрим ҳолларда вакцина олгандан кейин ҳам касалланиш мумкин, бироқ бу ҳолат асосан вакцинациянинг фақатгина биринчи босқичидан ўтган, яъни уни белгиланган тартибда тўлиқ олмаган инсонларда кузатилади.Хусусан, айни пайтда шифохонамизда даволанаётган 11 нафар бемор айнан биринчи вакцинация босқичидан сўнг шифохонага мурожаат қилган бўлиб, уларнинг иммун тизимида нейтралловчи антитаначаларнинг (Nab) титри ҳали тўлиқ шаклланмаган даврда касалланиш юз берган”, - дейди Ҳусанов.
Бироқ шундай бўлган тақдирда ҳам бундай беморларда хасталик енгил ва аломатларсиз ўтади. Яъни, оғир асоратлар ва ўлим ҳолатига олиб келмайди.
Унинг таъкидлашича, коронавирусга қарши иммунитет вакцинанинг иккинчи ёки учинчи дозасидан сўнг 3 ҳафта давомида шаклланади. Шу даврда эмланган инсон ўзини шахсий муҳофаза қилиши ўта муҳимдир.
Тошкентдаги савдо мажмуаларида аҳолини COVID-19 га қарши оммавий эмлаш бошланди
“Шу маънода, коронавирус инфекцияси туфайли оғир аҳволга тушиб қолган беморларни даволаётган шифокор сифатида барча юртдошларимиздан вакцинация тадбирларига жиддий эътибор беришларини сўраган бўлардим”, - дея хулоса қилди шифохона директори.