Янги Ўзбекистон университети барча билимдон ёшлар учун очиқ – Асадов

Президент қарори билан пойтахтда Янги Ўзбекистон университети ташкил этилган. У ерда таълим жараёни дунёнинг энг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда ташкил этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Тошкент шаҳрида ташкил этилган Янги Ўзбекистон университети барча билимдон ёшлар учун очиқ. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
“Бир ой ичида Университет устави тасдиқланиб, давлат рўйхатидан ўтказилади. Таълим жараёни шу ўқув йилидан бошланади. Бу университетда фақат Президент мактаби битирувчилари ўқийди, деган хулосага ўрин йўқ. У барча билимдон ёшлар учун очиқ”, - деди Асадов брифинг давомида.
Президент қарори билан пойтахтда Янги Ўзбекистон университети ташкил этилган эди. Янги университетда таълим жараёни дунёнинг энг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда ташкил этилади. Масалан, Кембриж университети қабул имтиҳонларини ўтказади. Массачусетс технология институти ҳамда Мюнхен техника университети билан биргаликда ўқув режа ва дастурлар ишлаб чиқилади. Шунингдек, улар таълим сифатини назорат қилиш, лаборатория ва кутубхоналарни тўлдиришга кўмаклашади.
Миллий университет ва СамДУ дунёнинг энг нуфузли 500та ОТМлари рўйхатига киритилади
Университетда 5 та – муҳандислик, табиий фанлар, бошқарув, агротехнологиялар ва ахборот технологиялари факультетлари бўлади. Дарслар ўзбек ва инглиз тилларида олиб борилади. Кредит-модуль тизими жорий этилиб, ўқиш давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Ушбу таълим масканининг ўқув биноси ва кампуслари ҳам замонавий, халқаро BREEAM сертификатларига мос бўлади. Илк ўқув йили 2021 йил сентябрдан бошланади. Янги бино қурилгунча дарслар Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бўш биноларида вақтинчалик ўтиб турилади.
Университетни тамомлаган Ўзбекистон фуқаролари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Миллий кадрлар захирасига олинади ҳамда 5 йиллик иш тажрибасидан сўнг раҳбарлик лавозимига тайинланадиган истиқболли номзодлар рўйхатига киритилади.