ТОШКЕНТ, 9 окт – Sputnik. Ўзбекистон 10дан ортиқ ОТМлари дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасалари рўйхатига киритилади.
Бу ҳақида Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида айтиб ўтилган.
Республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар - Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш – ушбу қармонда белгиланган вазифалар қаторидан ўрин олган.
Ундан ташқари президент фармонида Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси негизида - Олий таълим кенгаши ташкил қилиш ҳақида айтиб ўтилган.
Ушбу кенгашнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган: профессор-ўқитувчилар, талабалар ўртасида сўровлар ўтказиш, жамоатчилик ва иш берувчиларнинг фикрини ўрганиш ҳамда илғор хорижий тажрибаларни таҳлил қилиш орқали олий таълим сифатини ошириш, ўқув дастурларини такомиллаштириш ва замонавий педагогик технологияларни жорий этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш.
Президент фармонининг тўлиқ матни билан қуйида танишинг.