ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Толибларнинг Афғонистоннинг Балх вилояти Калдор уезди Учкуч чегара пунктига ҳужум қилиши оқибатида ҳукумат қўшинларининг 17 нафар ҳарбийси Тожикистон ҳудудига чекинди. Бу ҳақда РИА Новости Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинлари маълумотларига таянган ҳолда хабар бермоқда.
“Маҳаллий вақт билан соат 12:50 гача давом этган шиддатли тўқнашувлар оқибатида ҳукумат қўшинларининг 17 нафар ҳарбийси ўз ҳаёти ва шахсий таркибни сақлаб қолиш учун “Шаҳритус” чегара отрядининг 1-пости орқали Тожикистон томонга чекинишга мажбур бўлган”, - дейилган хабарда.
Қайд этилишича, тожикистонлик чегарачилар инсонийлик ва аҳил қўшничилик тамойилларига амал қилган ҳолда давлат чегарасини ёриб кирган афғонистонлик ҳарбийларга ҳеч қандай тўсиқсиз ўз ҳудудига ўтишга рухсат берган.
“Ушбу чегара олдидаги ҳудудда вазият кескинлигича қолмоқда, “Толибон”* қуролли гуруҳ ва афғон ҳукумати қўшинлари ўртасидаги жанговар ҳаракатлар давом этмоқда”, - дея қўшимча қилган агентлик суҳбатдоши.
Эслатиб ўтамиз, 22 июнь куни “Толибон”* радикал ҳаракати жангарилари Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги Шерхон-Бандар чегара комиссариатига ҳужум қилган эди. Афғонистон кучларининг 134 нафар ҳарбийлари Тожикистон ҳудудига чекинишга мажбур бўлган. Кейинчалик уларнинг ҳаммаси ватанига қайтган. Махсус рейс уларни Кобулга элтиб қўйган.
* Россия ва қатор мамлакатларга тақиқланган террорчилик ташкилоти