ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Тошкентда ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти ўқитувчиси ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар бермоқда.
Идора хабарига кўра, педагогика институти ўқитувчиси Ш.Э. фуқаро Б.Т. ва Э.Ж.ларга Чирчиқ ёки Тошкент давлат педагогика университетига танишлари орқали ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бунинг эвазига эса 6 минг доллар талаб қилган.
У бу пулларни олаётган вақтда Департамент ҳамда ДХХнинг Шайхонтоҳур туман бўлимлари ходимлари томонидан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.