Тошкент халқаро кинофестивали ўтказиладиган сана маълум бўлди

Жорий йилда кинофестиваль “Тинчлик, тараққиёт ва маърифат” шиори остида бўлиб ўтади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 июн — Sputnik. Тошкент халқаро кинофестивали эндиликда “Ипак йўли дурдонаси” номи билан ҳар йили 28 сентябрь – 3 октябрь кунлари ўтказилади. Президент Шавкат Мирзиёев тегишли қарорга имзо чекди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Жорий йилда кинофестиваль “Тинчлик, тараққиёт ва маърифат” шиори остида бўлиб ўтади. Унга хориждан жами 355 нафар иштирокчи, шу жумладан, 55 нафар таниқли киноюлдузлар таклиф этилади.
Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланади
Фестиваль доирасида машҳур киномутахассислар ва режиссёрлар иштирокида ёш киноижодкорлар учун маҳорат дарслари, ижодий учрашувлар, кинотренинглар, давра суҳбатлари, ҳудудларда кинокўргазмалар, энг яхши миллий ва хорижий фильмлар намойишлари ўтказилади.
Осиё, Aфрика ва Лотин Aмерикаси халқаро кинофестивали деб номланган Тошкент кинофестивали 1968–1997-йилларда май ойи охири – июнь ойи бошида давлат кинематография қўмитаси ва киноарбоблар уюшмаси томонидан ташкил этилган.