Мирзиёев аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш бўйича топшириқлар берди

Шавкат Мирзиёев раислигида 8 июнь куни қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 июн — Sputnik. Бугун президент Шавкат Мирзиёев раислигида 8 июнь куни қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Президент Мирзиёев шарафига Душанбеда катта концерт ташкиллаштирилади
Жорий йилда бандлик дастури доирасида 457 мингта доимий иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган. Бунинг асосий манбалари қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, савдо ва сервис соҳаларидир.
Масалан, магистрал йўллар бўйида савдо ва хизматларни йўлга қўйиш, шаҳар ва туман марказларида махсус кўчалар ташкил этиш орқали 150 мингта иш ўрни яратиш мумкин.
Аҳоли бандлигини таъминлашдаги яна бир катта захира – ер. Шу йил январда ёшларга экин майдонларидан ер ажратилгани яхши натижа берди. Энди, Сурхондарёда бошланган тажриба асосида, ишсиз аҳолига қишлоқ хўжалиги ерларини 10 йил муддатга деҳқончилик билан шуғулланиш учун ижарага бериш тартиби жорий қилинади.
Мирзиёев туман ҳокимларини ер ажратиш ваколатидан тўлиқ маҳрум қилди
Бунинг учун жорий йилдан бошлаб қарийб 100 минг гектар ғалладан бўшаган ер майдонлари ишсиз аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун берилади. Пахта ҳосилидан кейин ушбу мақсадлар учун яна 100 минг гектар ер ажратилади.
“Ёшларга ер берилиши тажриба бўлган эди. Энди катта тизимга ўтяпмиз. Ерни ҳақиқий эгасига – халққа берамиз. Ҳокимлар, сектор раҳбарлари қайси пахта ва ғалла майдонини қисқартиришни аниқлаб, уларни ишсиз аҳолига бериши зарур. Берганда ҳам, манфаатдор қилиб, адолатли ажратиш керак. Бу юз минглаб одамларимизни иш билан, даромад билан таъминлайди,” – деди Шавкат Мирзиёев.
Мутасаддиларга ер олган аҳолига уруғ ва кўчатлар етказиб бериш, етиштирилган маҳсулотларни сотиб олишни молиялаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бугун Ўзбекистон президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Халқ ризқини ўғирлаган одамларга нафрат уйғотадиган тизим яратиш керак – Мирзиёев
Энди, тадбиркорлик учун ерларни тўғридан-тўғри ва текинга бериш амалиётидан бутунлай воз кечилади ва ерлар ҳамма учун бир хил ва ошкора, электрон аукцион орқали хусусий мулк қилиб сотилади ёки ижарага берилади. Туман ва шаҳар ҳокимларининг ер ажратиш ва уларни қайтариб олиш билан боғлиқ барча ваколатлари бекор қилинди.
Йиғилишда давлат раҳбари мазкур фармоннинг аҳамиятига тўхталиб, жойларда унинг ижросини ташкил этиш, ҳалоллик ва қонунийликни таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Аҳоли фаровонлигига дахлдор яна бир масала озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлигидир.
“Нарх-навони арзон қилиш бу тадбиркор ва чорвадорларни мажбурлаш, уларга маҳсулотини паст нархларда соттириш, дегани эмас. Биринчи галда, бозорда таклифни кўпайтириш керак,” – деди президент.
Бунинг учун қисқа муддатларда юқори натижа берадиган йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Шундай тармоқлардани бири – паррандачилик.
Масалан, парранда 1 килограмм вазн олиши учун 1,7 килограмм, қорамолга эса 8 килограмм озуқа-ем талаб этилади. Лекин республикада парранда гўшти ҳам, тухум ҳам аҳоли жон бошига ҳисоблаганда кам етиштирилади.
Шу боис йиғилишда парранда саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича янги механизмлар белгиланди. Яъни, тухум учун субсидия миқдори 3 баравар, парранда гўшти учун эса 2 баравар оширилади. Омухта ем ва паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга айланма маблағни тўлдириш ва паррандачилик лойиҳалари учун кредитларнинг Марказий банк асосий ставкасидан юқори қисми қоплаб берилади.
Бизда анорчилик бўйича анъана бор, лекин илм йўқ, лаборатория йўқ – Мирзиёев
Паррандаларни сўйишга мўлжалланган замонавий комплекс лойиҳалари бўйича харажатларнинг бир қисми компенсация қилинади. Паррандачилик корхоналари учун фойда, мол-мулк, ер ва сув солиқлари ставкалари 50 фоизга камайтирилади.
Бу тармоқдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун Микрокредитбанк орқали давлат томонидан 50 миллион доллар ресурс ажратилади.
Мутасаддиларга ушбу тартиб ва имтиёзларни жорий қилиш, мавжуд корхоналарнинг тўлиқ қувватларга чиқишига кўмаклашиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Хусусий шериклик асосида маҳаллаларда мини-инкубатор ва маҳсулотларни сақлаш учун музлаткичлар ташкил этиш, хонадонларда парранда етиштиришни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев Шеробод қуёш электр станцияси қурилишини бошлаб берди
Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти фаолиятини қайта ташкил этиб, уни зарур ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш, наслли зотлар олиб келиш учун 10 миллиард сўм ажратилади.
Чорвачилик соҳасида 1 мингдан ортиқ, балиқчилик йўналишида 317 та лойиҳани ишга тушириб, гўшт етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди.
Жорий йилда сув танқислигини инобатга олиб, қудуқ қазишга 200 миллиард сўм ажратилиши айтилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан камида 10 минг гектар ерни озуқа-ем етиштиришга мослаштириш мумкин.
Йиғилишда вилоят ҳокимлари ишсизликни камайтириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини ошириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш чоралари бўйича ахборот берди.