ТОШКЕНТ, 12 май - Sputnik. Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган видео - ҳокимлик биноси яқинида ишчилар намойиши юз берганлиги ҳодисасига расмий муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, ишчилар ўз иш ҳақлари тўланмагани учун ҳокимлик биноси олдида норозилик билдирганлар.
Ушбу фуқаролар қурилиш ташкилотлари томонидан ишга жалб қилинган бўлиб, ҳақиқатан ҳам уларга ҳақ тўлаш борасида кечикиш юзага келган. Улар эса муаммони бартараф этиш мақсадида ҳокимлик мутасаддиларига мурожаат қилиш учун тўпланган.
"Айни пайтда барча ишчиларга иш ҳақларининг маълум қисми тўлаб берилган. Қолган қисмини эса 18 майга қадар тўлиқ ҳисоб-китоб қилишга ўзаро келишилган. Айни пайтда ҳокимлик томонидан муаммони ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда", — дейилади хабарда.