ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Россиянинг учта агросаноат мажмуи иттифоқи вакиллари корхоналарга ишчи кучи етишмаётганини маълум қилди.
“Известия” нашри хабарига кўра, мева-сабзавот етиштирувчилари меҳнат мигрантлари келишига умид қилишган, аммо улар етишмаслиги муаммосига дуч келишган. Бугунги кунда соҳа камида 30 минг кишига муҳтож.
Гап шундаки, мигрантлар пандемия вақтида ватанига қайтиб кетишди, қишлоқ хўжалиги ишлари бошланишига ёпиқ чегаралар сабаб қайтиб кела олишмади.
Миллий мева ва сабзавот иттифоқи директори Михаил Глушковнинг сўзларига кўра, аввалига ишчи етишмаслиги 100 минг кишига баҳоланган, лекин ишчиларнинг катта қисмини (70 фоиз) минтақалар ўз кучлари билан жалб қила олишган. Талабалар ва ишсизлар жалб қилинган.
Россия Реза мева иттифоқи агар масала яқин кунларда ҳал қилинмаса, ишлаб чиқарувчилар кейинчалик ҳосилни қўлдан бой бермаслик учун кўчатлар сонини кескин қисқартиради. Чунки уни териб олишга одам бўлмайди.
Рева мева таркибига кирувчи хўжаликлар эҳтиёжи бу мавсум учун 2400 кишини ташкил этади. Барча мева хўжаликларига эса 6 мингдан 10 мингача мавсумий чет эл ишчилари керак.
30-40 минг ишчи кучи етишмаслигини Картошка иттифоқида ҳам тасдиқлашди.
“Афсуски, дўст мамлакатлардан келадиган ишчилар ўрнини ички кучлар билан тўлдира олмаймиз. Талабаларни жалб қилиш ҳам вазиятдан чиқиб кетишга ёрдам бермайди”, - деди Картошка иттифоқи аппарати раҳбари Татьяна Губина.
Глушковнинг сўзларига кўра, маҳаллий аҳолини мавсумий меҳнатга жалб қилиш муаммони тўлиқ ҳал қилиш имконини бермайди, чунки кўп ишлар махсус таълим, тажриба ва кўникмани талаб қилади.
“Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ишлаган пайтда уларнинг ўзи турар жойни ижара олишарди ва озиқ-овқат билан таъминлашарди. Агар талабалар олиб келинса, масалан, фермерлар кучи билан уларга шарт-шароит муҳайё қилмоқ зарур”, - дея тушунтирди у.