Саҳродаги қасрлар: Қорақалпоғистон боғчалари қандай ислоҳ қилинмоқда? Sputnik репортажи

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасига қараб, инсон ўз заковати ва меҳнатсеварлиги туфайли саҳрони бўстонга айлантириб юбориши мумкинлигига гувоҳ бўлиш мумкин.
Sputnik
Биламизки, чўл, саҳро – инсон яшаши учун кўп ҳам тўғри келмайди. Сув танқислиги, қумли тўфонлар, қолаверса, ҳосилсиз ерлар – буларнинг барчаси инсон ҳаёт кечириши учун ноқулайликлар яратади, холос. Аммо, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасига қараб, инсон ўз заковати ва меҳнатсеварлиги туфайли табиатнинг барча инжиқликларига қарамай, саҳрони бўстонга айлантириб юбориши мумкинлиги, саҳро кундан-кунга чирой очиб, мафтункор оазисга айланиб бораётганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Қорақалпоғистон қиёфаси ўзгаради: янги уч йиллик дастур ишга туширилмоқда
Қорақалпоғистон Республикасида мактабгача таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасини кўрсатиб бериш, шунингдек, Муйноқ туманининг янги қиёфаси, Орол бўйи минтақаси болалари учун давлат мактабгача таълим муассасасида яратилаётган шароитларни кўрсатиш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари учун икки кунлик пресс тур ташкил этди.
Ушбу тадбирда иштирок этган Sputnik Ўзбекистон мухбири таассуротлари билан бўлишмоқда.

Мактабгача таълим тизимининг ислоҳ қилиниши

2017 йил - Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилган даврда Қорақалпоғистонда жами 318 та болалар боғчаси бўлган. Республикада 3-7 ёш орасидаги болалар сони ўшанда 150 мингга яқин эди ва уларнинг атиги 48 мингдан сал ортиғи (33 фоизга яқини) боғчалар билан қамраб олинган.
Президент мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилишга бағишланган йиғилиш ўтказмоқда
МТВ ташкил этилиши билан ушбу ҳудудга алоҳида эътибор қаратилиб, боғчалар етишмаслиги муаммоси секин-аста ўз ечимини топа бошлади: болалар боғчаларининг ташқи кўриниши ўзгарди, боғчаларни режа асосида таъмирлаш ишлари ҳамда янги МТТларни қуриш ишлари бошлаб юборилди.
Бугун, 2021 йилга келиб, Қорақалпоғистондаги боғчалар сони жами 1033 тага, 3-7 ёш оралиғидаги болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражаси эса қарийб 70 фоизга етди.
Аммо, Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган устувор вазифа фақатгина 7 ёшгача бўлган болаларни 100 фоиз боғчалар билан қамраб олинишидан иборат эмас. Балки, барпо этилаётган МТТлар, хоҳ у давлат, хоҳ у нодавлат муассасаси бўлсин, энг юқори талабларга жавоб бериши лозим. Бу мақсадда Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига асосан Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, бугунги кунда ислоҳотлар фаол амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон ҳақидаги илк таассуротлар

Режага кўра, журналистлар гуруҳи танишадиган биринчи объект - Нукус шаҳридаги “Кумбыз ауыл” МФЙ ҳудудидаги, 2019 йилнинг апрел ойида ишга тушган 48-сонли “Табассум” мактабгача таълим муассасаси эди.
Очиғи, Қорақалпоғистонга Урганч орқали кириб келганимиз, йўл-йўлакай фақат бепоён, баъзи жойлари шўрлаган саҳро, саксовуллар ва чорвага кўзимиз тушгани учунми, “бу ерларнинг боғчалари қандай бўлиши мумкин?” деган фикр кўпчиликни иккилантириб қўйган эди.
Сельские жители, перегоняют скот через трассу, Каракалпакия

Тошкентда бори Нукусда ҳам бор

Нукусга келгач, икки қаватли автобусда манзил томон йўл олдик. Шаҳарнинг қоқ марказидан ўтиб борар эканмиз, замонавий бинолар, дўконлар, кўркам турар жойлар ортимизда қолаверди. Саҳро ўртасида шундай шаҳар борлигини тасаввур қилиш қийин эди.
Город Нукус, Каракалпакия
Автобусимиз икки қаватли ҳашаматли бино олдига келиб тўхтади. Шу ер боғчалигини айтишганида ҳамкасбларимдан бири секингина “Ҳақиқий қасрнинг ўзи-ку!” дея ҳайратини яширмади.
Бизга пешвоз чиққан МТТ раҳбари Олтин Жусбекова МТТни биз, журналистларга таништирар экан, гўёки "қаср"га ўхшайди деган гапларни эшитиб қолгандек: “Болалар бизнинг келажагимиз, улар гўзаллик, ўйинлар, эртаклар, фантазия ва ижод оламида яшашлари керак. Боғчанинг ташқи ва ички кўриниши болаларимизга ёқадиган бўлиши керак”, дея таъкидлади ва ҳар бир туманда худди шундай филиаллари борлигини қўшимча қилди.
Бу гаплардан кейин қизиқиб боғча бўйлаб экскурсияга йўл оламиз. Эшикдан кираверишда иссиғимиз ўлчанади, қўлимизга антисептик пуркалади.
Болаларнинг оёқ кийимлари учун мўлжалланган махсус жавонларга кўзимиз тушгач эса МТТнинг Ўзбекистон пойтахти – Тошкент шаҳридаги замонавий боғчалардан мутлақо фарқи йўқлигига шубҳамиз қолмайди.
Книжный шкафчик в садике, Каракалпакия
Тошкентдаги барча шароитлар Нукусда ҳам бор эди.

Замонавий ва кўркам

Гуллар билан баҳор мавсумига мос безатилган холл, ёруғ ва кенг ўйин хонаси, спорт ва рақс учун мўлжалланган кенг зал, алоҳида ошхона, барча шарт-шароитларга эга санитар хонаси, замонавий модулли мебел, инвентарлар, ранг-баранг ўйинчоқлар... Ҳатто девордаги болаларга ёқадиган мультик қаҳрамонлари акс этган гулқоғозларгача эътиборимиздан четда қолмади.
Детский садик в Каракалпакии
Болалар биз, қизиқувчан журналистларни кўриб, ҳатто тортинишмади. Аксинча, улар стол атрофига беш-олти нафардан жам бўлиб, берилиб ўйнар эдилар.
Дошкольная образовательная организация "Табассум", Каракалпакия
Фақатгина суратга олишни бошлаганимда, 4-5 ёш атрофидаги юзлари лўппи болакай “Айфон”, дея хабар ўқиётгандек расмий оҳангда дўстларига қўлимдаги телефонга ишора қилди.
Стол атрофидаги болалар бирдан ўйинни тўхтатиб, ҳаммаси телефонга нигоҳларини қаратишди. “Тўғри”, дедим болакайнинг гапини маъқуллаб.
“Қанчага олдингиз?” миттивойнинг бу саволидан кейин табассум қилиб, болалар билан танишишга киришаман.
Кичкинтойлар менга рус, инглиз тилларида санаб беришди, шахмат, домино ўйинларини яхши кўришларини айтишди. Айзада исмли қизалоқ эса қўлларида момиққина тулкини ўйнатиб, қўшиқ куйлаб берди.
Дети в детском садике "Табассум", Каракалпакия
Дарвоқе, боғчадаги тарбиячилар болаларнинг боғчадаги ҳаётини қизиқарли ва мазмунли қилиш учун 2018 йилдан бошлаб МТТ тизимида жорий этилган "Илк қадам" давлат дастури асосида иш олиб борадилар.
Дети в детском садике, Каракалпакия

Шаҳар ва қишлоқларда болалар учун шароитлар бир хил

Бугунги кунда Қорақалпоғистоннинг нафақат шаҳар жойлари, балки олис қишлоқлари, жумладан, Оролбўйи ҳудудларида ҳам замонавий боғчалар қурилиши жадаллик билан амалга оширилмоқда.
Оролбўйи ҳудуди - Мўйноқда иккита замонавий болалар боғчаси фойдаланишга топширилди
Хусусан, журналистлар Мўйноқ туманида иккита замонавий, эко-жиҳозлар билан безатилган ва юқорида таърифи келтирилган "қасрга монанд" боғча билан шарт-шароитлари тенг бўлган МТТлар очилишида иштирок этишди.
Тантанали тадбирда қатнашган Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача таълим вазири Жумагул Уснатдинованинг айтишича, бугун Қорақалпоғистондаги 17 туманнинг 10 тасидаги боғчалар тўлиқ реконструкциядан ўтган.
Хусусан, Оролбўйи ҳудуди – Мўйноқда реконструкция қилинмаган ёки таъмирдан чиқмаган боғчанинг ўзи йўқ.
Детский садик в Приаралье
МТВ, шунингдек, мактабгача таълимнинг янги шаклларини фаол ривожлантириб, қўллаб-қувватлаб келмоқда. Хусусан, боғчалар қуришни истаган ишбилармонларга 1 фоизли кредитлар ажратилгани боис, бугунги кунда хусусий секторнинг соҳадаги иштироки кундан-кун ортиб бормоқда. Қорақалпоғистонда давлат-шерикчилик асосидаги боғчалар сони 90 тага яқинлашган, уй-боғчалари ҳам оммалашмоқда - сони 600 тага етган. Ишсиз, "Аёллар дафтари", "Темир дафтар"ларда рўйхатда турадиган хотин-қизлар ушбу мактабгача таълим муассасаларига ишга жалб қилинмоқда.
Жорий йил охиригача Қорақалпоғистонда 130 та уй-боғчалари, шунингдек, 11 та давлат-шерикчилик асосидаги боғчалар очилиши режалаштирилган.
Энг олис ҳудудлар, тўртта туманда эса бепул мобил боғчалар фаолияти йўлга қўйилган.

Боғчага бормаган "боғча вазири"

Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача таълим вазири Жумагул Уснатдинова ўзининг болалик дамлари ва ҳозирги болалар ўртасидаги фарқлар ҳақида гапирар экан, жуда қизиқ бир фактни очиқлайди.
Жумагуль Уснатдинова, министр дошкольного образования Республики Каракалпакстан
Маълум бўлишича, Жумагул Уснатдинова болалигида боғчага бормаган.
Шу гапни айтиб, бир қизиқ воқеани ёдга олади.
2017 йил, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил топгандан сўнг, декабрь ойида Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг Шимбай(Чимбой) туманидаги 18-сонли болалар боғчасига келган.
– Президент биз билан учрашган ўша кун кечагидек ёдимда, - дейди вазир. – Декабрь ойи, ҳаво 18 даража совуқ эди. Бир вақт "Бу ёққа келинг, вазир, сиз боғчага борганмисиз?" дея савол бериб қолдилар кутилмаганда. Ўшанда нима деб жавоб қайтаришни билмай, бир муддат каловланиб қолганман. Президентни алдаб бўладими? Боғчага бормаганимни айтишдан қанчалик ор қилсам ҳам, "борганман" деб ҳам айтолмайман! Бордию "бормаганман" десам, "унда нега вазир бўлиб ўтирибсиз?" деб қолишадими, деган ҳадик ҳам бўлган, ростини айтсам. Ахийри, бутун иродамни тўплаб, "Муҳтарам президент, мен боғчага бормаганман", дедим. Шунда у киши мендан яна: "Боғчага борган бола билан бормаган боланинг ўртасида фарқ борми?" деб сўрадилар. "Албатта, бор, осмон билан ерча фарқ бор. Боғчага бормаганим мен учун армон бўлиб қолган", дея ростини айтдим.
Мактабгача таълим ходимлари лавозим маошларига 100 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ тўланади
– Болаларни яхши кўрганим, соҳамга меҳрим бўлакчалиги туфайли шу лавозимга келганман, - дейди вазир интервью давомида.
– Бола шахс сифатида шаклланишни айнан боғчада бошлайди. У боғчада жамиятда ўз ўрнини топишни ўрганади. Боғча узлуксиз таълимнинг биринчи босқичи, бўғини, мен ўйлайманки, Учинчи Ренессансга ўтиш даврининг фундаментини айнан бизнинг тизимимиз – мактабгача таълим вазирлиги тайёрлаб беради. Агар бизлар кучли бўлмасак, бизлар ҳар томонлама комил шахсларни тайёрлаб бермасак, ривожланиш кечикади, - дейди Жумагул Уснатдинова.
Миллатнинг, давлатнинг рақобатбардошлиги унинг илмлилиги даражаси билан белгиланади. Шу боис, таълим жараёнини айнан боғча давридан бошлаш ва бу тизимни қайта кўриб чиқишга зарурат туғилган эди, дея хулоса қилади вазир.
Ҳамма болалар бир, хоҳ у Тошкентда яшасин, хоҳ у Устюртда, уларга муносабат ва эътибор ҳам бир хил бўлиши лозим. У қаерда туғилишидан ва яшашидан қатъий назар, бир кун келиб шу миллат номидан гапиради, шу миллатни ўзида ифода қилади. Ҳар бир бола миллатнинг ҳимоячиси, ифтихори ва ўзлиги саналади. Шундан ҳам бугун Ўзбекистон ўз болаларига мана шундай – жиддий ва меҳр билан эътибор қаратмоқда. Миллат нафақат бугуни, балки эртасининг ҳам ташвишини қилмоқда. Қилинаётган ишлар эса ўз натижасини кўп куттирмайди, яқин орада мевасини бера бошлайди.
Қорақалпоғистон сафаридан шундай хулосага келдим.