ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.
Қарорга кўра, маънавий-маърифий, илмий-ижтимоий мавзулардаги долзарб мақолалар, жамоатчилик вакилларининг илғор фикрлари, шунингдек, мафкуравий жараёнлар таҳлили, соҳага оид янгиликларни тўплаш, тайёрлаш ва тарқатиш мақсадида “oyina.uz” электрон портали ишга туширилади.
Портал фаолиятини йўлга қўйиш учун Республика Маънавият ва маърифат маркази тузилмасида Рақамли тарғибот бўлими ташкил этилади.
Шунингдек, “Маънавият тарғиботчиси” таълим муассасаси негизида Марказ ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилади.
Қарор билан “Тафаккур” ва “Маънавий ҳаёт” журналлари ҳамда “Маънавият” нашриёти Марказ тасарруфига ўтказилди.
Маънавият” нашриёти фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 1 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади.
Таълим ташкилотларида қуйидаги тартиблар жорий этилади:
ҳар бир умумтаълим муассасасида ижтимоий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимини молиялаштириш учун 2021 йил 1 апрелдан 0,5 штат бирлиги ажратилади ҳамда унинг иш ҳақи миқдори умумтаълим муассасаси олий маълумотли ўқитувчиси учун ўрнатилган базавий тариф ставкаси миқдорида белгиланади;
давлат олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор (директор ўринбосари) лавозими жорий этилади. Бунда, ОТМда мавжуд ёшлар билан ишлаш бўйича проректор (директор ўринбосари) лавозими қисқартирилади.
Барча туман ва шаҳарларда Маънавият ва маърифат маскани ташкил этилади.
2021/2022 ўқув йилидан олий таълим тизимининг тегишли таълим йўналишлари ўқув режаларига бакалавриат босқичида “Маънавиятшунослик”, магистратура босқичида “Касбий маънавият” фанлари киритилади ҳамда магистратура таълим босқичида “PR-менежер” мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.