Марказий Осиё давлатлари 2024 йилгача минтақада фуқаросизликка барҳам бермоқчи

Бугунги кунда Марказий Осиё минтақаси мамлакатларида 116 минг 629 нафардан ортиқ киши фуқароликка эга бўлмаган шахслар ҳисобланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. Куни кеча Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш ва унга барҳам бериш соҳасидаги халқаро стандартларни таҳлил этишга бағишланган минтақавий давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий марказининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТнинг Қочоқлар масалалари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ўзбекистон фуқаролиги масалаларини кўриб чиқиш тартиби белгиланди
Давра суҳбатида Марказий Осиё минтақасидаги барча давлатлар 2024 йилгача бўлган муддатда фуқаросизликка барҳам бериш бўйича "#IBelong" глобал кампаниясини амалга ошириш тарафдори экани таъкидланди. Онлайн-муҳокамаларда, шунингдек Фуқаросизлик масалалари бўйича Юқори даражадаги сегментнинг фаолияти самаралари таҳлил қилиниб, минтақада бу борада эришилган илғор натижаларга баҳо берилди.
Минтақавий давра суҳбатининг очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва БМТ Қочоқлар масалалари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё минтақасидаги вакили Ханс Фридрих Шоддер иштирокчиларни қутладилар.
Саидов таъкидлаганидек, фуқаросизлик – дунё миқёсида камида 4 миллион инсоннинг тақдирига дахл қилиб турган жиддий муаммодир. Фуқаросизлик келиб чиқишининг омиллари турлича бўлиб, қонунчиликдаги бўшлиқлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги номукаммалликлар, шунингдек миграция билан боғлиқ ҳолатлар бунга сабаб бўлиши мумкин.
Оқибатда инсонлар давлат ишларида иштирок этишдан четда қолади, ўз келажагини мустақил равишда ўзи белгилаш имкониятидан маҳрум бўлади. Фуқаросизлик инсоннинг энг асосий ҳуқуқлари ва турли хизматлардан фойдаланишини ҳам қийинлаштиради ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этишига йўл қўймайди. Фуқаролик ҳуқуқи берилишининг рад этилиши эса азият чекиш, тушукунликка тушиш ва яккаланиб қолишга олиб келади.
Шу маънода, БМТнинг Қочоқлар масалалари бўйича олий комиссари Бошқармаси 2014 йилдан бошлаб Фуқаросизликка 10 йил ичида барҳам бериш бўйича глобал кампания, яъни "#IBelong" глобал кампаниясини амалга оширишга киришгани жуда муҳим. Мазкур кампания глобал кўламдаги ҳаракатлар режасидан иборат бўлиб, фуқаросизлик ҳолатларига барҳам бериш ва шундай вазиятлар яна юзага келишининг олдини олишга қаратилган 10 та қадамдан иборат дастурни ўзида қамраган.
2019 йили Фуқаросизлик масалалари бўйича Юқори даражадаги сегментнинг мажлиси ўтказилди. Дунё мамлакатлари давлат ва ҳукуматлари раҳбарлари иштирок этган тадбирда "#IBelong" глобал кампаниясини амалга ошириш самарадорлигининг беш йиллик сарҳисоби муҳокама қилинди.
Жорий йилда Фуқаросизликни камайтириш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганига 60 йил тўлади. Демакки, 60 йилдан буён жаҳоннинг барча мамлакатлари ушбу муаммо билан курашиб келмоқда.
Ўзбекистон ИИВ иккинчи фуқароликни олган шахслар борасида қўшимча изоҳ берди
Барча инсонлар фуқаролик мақомига эга бўлишини таъминлаш, бир томондан, жамиятда ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамласа ва ўзаро интеграциялашишни кучайтирса, иккинчи томондан, ҳар бир жамиятга барча аъзоларининг салоҳияти ҳамда иқтидоридан самарали фойдаланиш имкониятини беради. Бу, ўз навбатида, ҳар қайси инсон ва ҳар қайси мамлакатнинг фаровонлигига хизмат қиладиган инклюзив жамиятлар қарор топишини таъминлайди.
Фуқаросизлик ҳолатлари жамиятларнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишига таҳдид солишини унутмаслик керак. Чунки фуқаролиги бўлмаган кишиларнинг шахсини аниқлаш анча мураккаброқдир. Шу билан бирга, фуқаросизлик ҳолати эътибордан четда қоладиган бўлса, жамоалараро низоларнинг кучайишига ёки мажбурий кўчишларга олиб келиши ҳам мумкин.
Бугунги кунда Марказий Осиё минтақаси мамлакатларида 116 минг 629 нафардан ортиқ киши фуқароликка эга бўлмаган шахслар ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистонда фуқаросизлик ҳолатларини камайтириш борасида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар туфайли 1991 йилдан 2016 йил декабргача 482 киши мамлакатимиз фуқаролигини олган бўлса, 2016 йил декабрдан 2020 йилгача бўлган муддатда бундай шахслар 15 минг нафарни ташкил этди.
Ўтган йили, шунингдек БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғини қўллаб-қувватлаган ҳолда, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда яшаб келган 50 минг нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинди.
Ўзбекистон раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида сўзлаган нутқида "бу йил яна 20 мингдан зиёд киши фуқроликка эга бўлади", деб қайд этди. Ушбу ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ҳозирги вақтда мамлакатимизда 15 йилдан буён доимий яшаб келаётган, аммо фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини бериш бўйича янги тартиб-қоида амалга оширилмоқда.
Бундай муҳим қадамлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига Ўзбекистоннинг муносиб амалий жавобларидир. Ўзбекистон БМТнинг Қочоқлар масалалари бўйича олий комиссари Бошқармаси ташаббуси билан амалга оширилаётган 2024 йилгача бўлган муддатда фуқаросизликка барҳам бериш бўйича "#IBelong" глобал кампаниясини ҳам қўллаб-қувватлайди.
Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини мамлакатда сақлаш мажбурий бўлади
Мазкур глобал кампаниянинг номланиши "Мен мансубман" ("#IBelong") деган маъноани англатади. Яъни, қарийб етти йилдан буён давом этаётган ушбу халқаро жараён фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг муайян мамлакатга мансуб бўлишига эришишни тақозо этади.
Бу ҳақда сўз борганда, Марказий Осиё минтақаси мамлакатларида фуқаросизлик муаммосига ечим топиш борасида сезиларли натижаларга эришилганини таъкидлаш лозим. Кейинги йилларда минтақа миқёсида 78 минг 661 нафардан зиёд шахснинг фуқаровий мансублиги тасдиқлангани ёки фуқаролик мақомига эга бўлгани, минтақанинг ҳар бир мамлакатида фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролик тўғрисидаги миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш борасида муайян ютуқлар қўлга киритлгани бунинг яққол далилидир.
Фуқаросизлик муаммосини ҳал этишда ўзаро ҳамкорлик ниҳоятда улкан аҳамиятга эга. Хусусан, БМТнинг Қочоқлар масалалари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорлик муносабатлари фуқаросизликка узил-кесил барҳам беришда ҳал қилувчи ўрин тутади.
Фуқаросизлик – инсон ҳуқуқларига, гуманитар соҳа ва ривожланиш истиқболларига бевосита дахлдор муаммодир. Шундай экан, ушбу муаммони ечишда барча манфаатдор томонларнинг фаол иштирок этиши талаб қилинади. Бу ишда университетлар, мактаблар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаоллик кўрсатишлари зарур.
Ўз навбатида, Х.Ф.Шоддер сиёсий хоҳиш-ирода ва ҳамкорлик негизида фуқароликка чек қўйиш мумкинлиги борасида Марказий Осиё илҳомбахш намуна бўлиб келаётганини эътироф этди. У Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон мамлакатлари ҳукуматлари ва аҳолисининг ушбу муаммони ҳал этиш ишига қўшган улкан ҳиссасини юқори баҳолади.
Ўзбекистонда 15 йил муқим яшаганларга тўғридан-тўғри фуқаролик берилади
Минтақанинг беш давлати ҳам фуқросизликни камайтириш ва БМТнинг фуқаросизлик тўғрисидаги иккита Конвенцияси асосий қоидаларини бажариш борасида катта натижаларга эришди. Олдимизда "#IBelong" глобал кампаниясини амалга оширишнинг атиги тўрт йили қолмоқда. Шундай экан, яқин орада минтақадаги барча мамлакатлар БМТнинг фуқаросизлик тўғрисидаги иккита Конвенциясига қўшилишини ҳар томонлама рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга тайёрмиз, деди жаноб Шоддер.
Давра суҳбати учта шўъбада ўз ишини давом эттирди. БМТнинг Қочоқлар масалалари бўйича олий комиссари Бошқармаси экспертлари, минтақа мамлакатларининг давлат органлари вакиллари ва фуқаролик жамияти институтлари фаоллари фуқаросизликка барҳам бериш борасидаги халқаро стандартлар, илғор амалиёт ва глобал чора-тадбирлар билан танишдилар. Марказий Осиё мамлакатларининг аҳолини рўйхатга олиш воситасида фуқаросизликни камайтириш ва бундай ҳолатларни аниқлаш борадаги тажрибаси алоҳида диққат марказида бўлди.