ТОШКЕНТ, 24 мар — Sputnik. Тошкент аэропортида тақиқланган диний материалларни тарқатган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси хабар берди.
Орган ходимлари Санкт-Петербург-Тошкент йўналишидаги авиарейс билан учиб келган 21 ёшли Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида рўйхатда турувчи Х.Ф. билан профилактик суҳбат ўтказган.
Суҳбат натижасида у Россияда ишлаши давомида террорчилик ташкилоти ёлловчиларининг таъсирига тушиб, уларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаши аниқланган. У ўзининг “Xiaomi” ва “Samsung” смартфонлари хотирасида норасмий диний ташкилотларга тааллуқли бўлган материалларни сақлаган. Бундан ташқари, уларни яқин танишларига ижтимоий тармоқлари орқали тарқатиб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан Х.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 1-қисми (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.