ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Ўзбекистон ёшларини Суриядаги террорчилар сафига қўшиш учун жўнатиб келаётган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Ўзбекистон ДХХ ва ИИВ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида мамлакат фуқароларини ёллаб, Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилоти сафига жўнатиш билан шуғулланиб келган шахснинг фаолиятига чек қўйилди.
Мавжуд маълумотларга кўра, 1996 йилда Самарқанд вилоятида туғилган О.Ҳошимов 2019 йилда Мисрда ўқиши давомида халқаро террорчилик ташкилоти раҳнамоларининг ғоявий таъсирига тушиб қолган. У ерга мамлакатдан диний таълим олиш мақсадида борган ёшлар орасида ўзининг ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилган.
Бундан ташқари, Сурия давлати ҳудудида фаолият олиб бораётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси”* халқаро террорчилик ташкилотининг сафига қўшилишга даъват қилиб, уларни юбориш билан шуғулланиб келган.
Ушланган шахснинг уяли телефон аппарати хотирасида экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда олиб қўйилган.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан “Тавҳид ва жиҳод катибаси”* халқаро террорчилик ташкилоти фаолияти мамлакат ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.
Вазирлик фуқаролар, айниқса ёшларни огоҳлантирган ва ижтимоий тармоқлардаги шубҳали сайтларда тарқатилаётган бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмаслик ҳамда интернет тармоғида нохолис, текширилмаган ва асоссиз материалларни тарқатиш билан шуғулланмасликни сўраган.