ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Zamin фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Бухоро вилоятидаги таълим ва ижтимоий соҳада фонд лойиҳалари амалга оширилаётган муассасаларга ташриф буюрди.
“Умумтаълим мактабларда сув, санитария ва гигиена” дастури доирасида биринчи лойиҳа амалга оширилди. Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги 11-мактабда сув таъминоти ва санитария тизими яратилди. Бу учун махсус қудуқ бурғуланди, ичимлик суви даражасига қадар сув тозалаш ускунаси ўрнатилди, гигиена стандартларига жавоб берадиган инфратузилма яратилди ва сувни иккиламчи тозалаш тизими ташкил этилди.
Кейинги икки йил давомида Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасининг 30 та умумтаълим мактабларида ичимлик сув таъминоти ва санитария тизимини яратиш, шунингдек, ўқувчилар учун санитария ва гигиена бўйича маърифий дарслар ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, халқаро экспертлар билан биргаликда ижтимоий муассасаларни сув билан таъминлаш ва санитария-тозалаш концепцияси ишлаб чиқилади. Мазкур ташаббус UNICEF билан ҳамкорликда амалга оширилади.