ТОШКЕНТ, 1 июн — Sputnik. Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида “Zamin” фонди мамлакатнинг ихтисослаштирилган муассасаларидаги беш минг нафарга яқин эшитиш қобилияти заиф ўқувчилар учун таълимни ривожлантириш дастурини тақдим этди.
Лойиҳанинг мақсади — ўқитишнинг янги усулларини жорий этиш, мактаб-интернатлар инфратузилмасини такомиллаштириш.
“Лойиҳа доирасида жарроҳлик амалиёти йўли билан ўқувчиларнинг эшитиш қобилиятини тиклаш устида иш олиб борилади. Бу дегани, соғлиғида муаммоси бўлган болалар меҳрибон онажониси, ғамхўр отасининг овозларини, атроф-борлиқдаги товушларни, мусиқа оҳангларини эшита олади, тўлақонли ҳаёт кечиради”, — деди Фонд васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева.
Дастур уч босқичдан иборат:
1. Ихтисослаштирилган мактаб-интернатларни замонавий ассистив ускуналар билан жиҳозлаш
Мактаблар халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий ассистив (қўшимча) ускуналар, жумладан, гуруҳ машғулотлари учун аудио-синфлар, индивидуал машғулотлар учун нутқ симуляторлари, келгуси таълим жараёнида фойдаланиладиган аудиометрлар ва стационар овоз кучайтиргичлари билан жиҳозланади.
2. Ўқитиш усулларини такомиллаштириш
Эшитиш қобилияти заиф болалар махсус мактабларидаги жорий ўқув дастурларини ҳар томонлама таҳлил қилиш режалаштирилган. Бунинг учун лойиҳа ташкилотчилари Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда етакчи халқаро экспертлик институтлари ва уларнинг мутахассисларини жалб қиладилар. Ихтисослаштирилган мактабларда замонавий ёрдамчи технологиялардан фойдаланган ҳолда таълим методикалари жорий этилади.
3. Мактаб ёшидаги болалар учун кохлеар имплантация
Дастурнинг муҳим қисми ҳар йили 30 нафар мактаб ёшидаги болаларга кохлеар имплантация жарроҳлик амалиётини бепул ўтказиш бўлади. Шунингдек, ушбу босқич кейинги реабилитацияни ўз ичига олади.