ТОШКЕНТ, 7 мар — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Чилонзор туманида вояга етмаган 10 ёшли ўғил болага нисбатан фаҳш ҳаракатлар қилган такси ҳайдовчиси ҳақида хабар тарқалмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, 28 февраль куни Чилонзор тумани Ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига 30 ёшли Б.Ж. мурожаат қилган. Фуқаро ўз аризасида унинг 10 ёшли ўғлига нисбатан фаҳш ҳаракатлар қилган таксичига нисбатан чора кўришни сўраган. Отанинг мурожаатидан сўнг мазкур факт Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг назоратига олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Гумонланувчининг шахсини ва ҳолат тафсилотларини аниқлашга қаратилган тезкор-тергов тадбири ўтказилмоқда.