ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати Россия махсус комиссиясига мунтазам парвозларни қайта тиклашни таклиф қилиб, мурожаат йўллади. Бу ҳақда транспорт вазирининг ўринбосари Жасурбек Чориев “Ўзбекистон Республикасининг транспорт дипломатияси: минтақавий ҳамкорликнинг халқаро-ҳуқуқий асослари” мавзусига бағишланган давра суҳбати давомида маълум қилди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Унинг сўзларига кўра, мамлакат Россия ҳукумати талаб қиладиган талабларни ўрганиб чиққан: касалланиш даражаси, аҳоли бошига касалланиш ҳолатлари ва касалланиш суръати.
“Мамлакатимиз Россия махсус комиссияси томонидан ўрнатилган барча мезонларга мос келади. Мунтазам парвозларни қайта тиклаш учун тўлиқ асосимиз бор. Ҳозирча россиялик ҳамкасбларимизнинг жавобини кутяпмиз”, - деди Чориев.
Транспорт вазири ўринбосари икки мамлакат ўртасида мунтазам парвозларнинг тикланиш муддати борасида ҳам фикр билдирди.
“Ўйлайманки, март-апрель ойида бирор бир ижобий жавоб бўлади. Чунки биз Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни тақдим этганимизга қарамай ҳозирча жавоб олмадик", - дея фикр билдирди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко Россия чегараларини бошқа мамлакатлар билан коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланишига қараб босқичма-босқич очишини маълум қилгани хабар қилган эди.