ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Наманган вилоятида Халқ депутатлари Уйчи туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Сессияда туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришдаги муаммолар муҳокама қилинди ва ташкилий масала кўрилди.
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов туман ҳокимлигига шу пайтга қадар Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи бўлиб ишлаб келган Муҳаммадзокир Маматхонов номзодини таклиф қилди.
Депутатлар ва фаоллар номзодни маъқуллади ҳамда у ҳақдаги фикрларини билдирди.
Маматханов 1974 йилда Наманган вилоятининг Поп туманида туғилган. 2006 йилда Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институти, 2012 йилда Президент академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган.
1998—2016 йилларда Поп, Чуст, Норин туманлари, Наманган шаҳри ва Наманган вилоят давлат солиқ инспекциялари, Наманган вилояти ҳокимлиги ва Уйчи тумани ҳокимлигида турли вазифаларда меҳнат қилган.
2016—2017 йилларда Янгиқўрғон тумани ҳокими бўлган.
2018 йилдан 2020 йилга қадар Наманган вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган.
Муҳаммадзокир Маматхонов 2020 йил 16 июлдан бери Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи давомида Уйчи тумани раҳбариятининг фаолиятидан қониқмаслигини айтиб, кескин танқид қилган эди. Тумандаги 4 та сектор раҳбари, жумладан, туман ҳокими йўл қўйилган камчиликлар, туман иқтисодий кўрсаткичлари яхшиланмагани, топшириқларни бажармагани учун ишдан олинган эди.