ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Хитойнинг коронавирусга қарши ZF-2001 вакцинас тез орада Ўзбекистонда ZF-VakUz номи билан тарқатилиши кутиляпти. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканалида хабар берилди.
Инновацион ривожланиш ва Соғлиқни сақлаш вазирликларининг ZF-2001 вакцинаси синовларида фаол иштирок этгани, шунингдек, клиник тадқиқотларга қўшган ҳиссасини инобатга олиб, Ўзбекистон мазкур вакцинанинг ҳаммуаллифи, яъни илмий жараёнларда тенг шерик сифатида тан олинди.
ZF-2001 рекомбинант вакцинасининг Ўзбекистондаги клиник синовлари учун масъул мутахассис Динг Фаннинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ZF-2001 вакцинасидан фавқулодда фойдаланиш учун рухсат беришга қаратилган ишларни олиб бормоқда. Мазкур вакцинадан фойдаланишда Ўзбекистонга устуворлик берилади. Айни вақтда вакцинадан фавқулодда фойдаланиш учун рухсат олиш ва расмий рўйхатдан ўтиш бўйича ҳамкорликда ишланмоқда.
“Расмий жараёнлардан сўнг вакцина Ўзбекистон Республикасида ZF-VakUz номи билан тарқатилади”, - деди Динг Фан.
Бундан ташқари Ўзбекистон билан ҳамкорликда вакцина ишлаб чиқариш, янги вакциналарни яратиш, тадқиқот ишларини олиб бориш ва илмий изланишлар натижаларини тижоратлаштириш бўйича ишлар давом эттирилади.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳозиргача 6830 нафар кўнгилли Хитой вакцинасининг 1-дозаси, 2284 нафар кўнгилли 2-дозаси билан эмланган.
Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш жараёни март ойининг биринчи ярмида бошланиши кутилмоқда. Биринчи навбатда ёши катта, сурункали касаллиги бор ва бирламчи хизмат кўрсатувчи соҳа ходимларини (шифокор, ўқитувчи, ИИО ходимлари ва ҳоказо) жорий йил охиригича коронавирусга қарши вакцина билан тўлиқ эмлаш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда коронавирусга қарши Россиянинг “Спутник V” вакцинасини сертификатлаштириш ҳамда рўйхатдан ўтказиш жараёнини бошлаш маъқуллангани хабар қилинган эди.