Фанлардан ўз вақтида баҳо олмаган талабалар учинчи семестр учун қўшимча маблағ тўлайди

Ўқиш давомида фанлардан ўз вақтида баҳо олмаган талабалар учун учинчи (ёзги) семестр ташкил этилади. Унда қатнашадиган талабалар қўшимча маблағ тўлашлари керак бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. Ўзбекистонда ўқув йили давомида фанлардан ўз вақтида баҳо олмаган талабалар учун пулли қўшимча семестр ташкил этилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиков АОКАдаги брифингда маълум қилди.
ОТМлар ҳафталик ўқув кунларини мустақил белгилайди
Унинг сўзларига кўра,ОТМларда таълим жараёнини кредит-модул тизимида ташкил этиш ишлари 2020-21-ўқув йилидан жорий этиб келиняпти.
“Асосий ўзгаришлар — илгари ўқув ҳафталари 38-40 ҳафта атрофида бўларди. Кредит-модул тизими жорий этилгач, бу муддат 36 ҳафтага тушди. Соддароқ қилиб айтганда, академик дарс жараёнлари 10 ойдан 7,5-8 ойга туширилди”, - деди у.
Талаба бир семестрда 15 ҳафта таҳсил олади. Агар бир семестрга 18 ҳафта ажратилган бўлса, унинг икки ҳафтаси талабалар учун ўзлаштирилмаган фанларини ўзлаштиришга, яна бир ҳафтаси янги фанлар ҳамда ўқитувчиларни танлашга сарфланади.
“Яна бир муҳим жиҳати — учинчи, ёзги семестр ҳам қўшилган. Бу — таътил даврига тўғри келади ва талабаларнинг аризасига кўра, фанлардан баҳо олмаганлар учун ташкил этилади. Учинчи семестр учун ариза берган талабалар белгиланган тартибда қўшимча маблағни амалга оширади”, - дея таъкидлади Холиков
У ҳозирча бу тизим бўйича саволлар бўлаётгани, аммо уч йилдан сўнг барча бу тизимга тўлиқ мослашишини қўшимча қилди.