Жиззахда олтин қазиб олмоқчи бўлган кишиларни тош босиб қолди 

Жиззахда чуқур шахтадан қўлбола усулда олтин қазиб олмоқчи бўлган фуқароларни тош босиб қолди. Икки киши вафот этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 янв - Sputnik. Жиззах вилоятида тоғ остидан олтин қазиб олмоқчи бўлган 2 кишини босиб қолди, деб хабар қилмоқда ИИВ. 
Воқеа 26 январь куни Ғаллаорол туманининг Булоқбоши қишлоғида содир бўлган. Ушбу жойда яшовчи 4  нафар фуқаро ҳудуддаги тоғдан ноқонуний равишда олтинли рудани қазиб олмоқчи бўлишади. Ушбу мақсадда улар яқин атрофдаги тоғ бағрида чуқурлиги 12-15 метр бўлган қўлбола шахта ковлашади.
Тошкентда 14кг олтин қўлга олинди
Ноқонуний руда қазиб олиш вақтида фуқароларни тош босиб қолади. Оқибатда 2 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган яна 2 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Воқеадан сўнг, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари ва маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирокида муҳокама уюштирди. Муҳокамада фуқароларга ноқонуний фаолият оқибатлари, фойдали қазилмаларни лицензиясиз қазиб олиш учун жавобгарлик ва бошқа масалалар тушунтириб берилди.
Маълумот учун, ушбу ҳудудда 2017 йилдан шу кунга қадар ноқонуний равишда таркибида қимматбаҳо олтин зарралари бор бўлиши мумкин бўлган руда тошларни талон-тарож қилганлик ҳолати бўйича бир неча фуқаролар жавобгарликка тортилган.