ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. Туркманистон Соғлиқни сақлаш ва тиббий саноат вазирлиги Россиянинг “Спутник V” коронавирусга қарши вакцинасини рўйхатдан ўтказди, деб хабар қилди Россия тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси.
Жамғармада мамлакат ҳудудида “Спутник V” рўйхатга олиш тезлаштирилган процедура доирасида, қўшимча клиник тадқиқотларсиз амалга оширилганлигини таъкидланди.
Бундан аввал, вакцина худди шу процедура бўйича Аргентина, Боливия, Венесуэла, Парагвай, Сербия, Жазоир ва Фаластинда рўйхатдан ўтказилганди.
Жамғарма раҳбари Кирилл Дмитриев таъкидлашича, Туркманистон Марказий Осиёда “Спутник V”ни расман тасдиқлаган биринчи мамлакат бўлди.
"Ҳамкорлар бугунги кунда коронавирусга қарши курашда дунёдаги етакчи преператлардан бири бўлган ва дунёнинг турли минтақаларидаги давлат назорат органлари томонидан тасдиқланган вакцинанинг хавфсизлиги ва самарадорлигини юқори баҳоладилар", - деди у.
“Спутник V” вакцинаси Гамалея эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқот маркази томонидан Россия тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Препарат инсоннинг аденовирус векторли платформасига асосланган бўлиб, унинг муҳим афзалликлари - хавфсизлик, самарадорлик ва узоқ муддатли салбий оқибатларнинг йўқлиги. Рўйхатдан ўтгандан сўнг, ўтказилган тадқиқотда якуний назорат нуқтасида маълумотларни таҳлил қилиш натижаларига кўра, унинг самарадорлиги 91,4 фоизни, оғир ҳолатларда эса юз фоизни кўрсатди.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиевга кўра, Ўзбекистонда “Спутник V” вакцинасини тезкор сертификациялаш устида иш олиб борилаётгани ва уни чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича музокаралар олиб борилаётгани тўғрисида хабар бергандик.