Ўзбекистонда идентификация ID-картасини қандай олса бўлади

Брифингда идентификация ID-картасини расмийлаштириш ва бериш тартиби тушунтирилди. Идентификация ID-карталарини расмийлаштириш ва бериш икки босқичда амалга оширилиши белгиланган
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Бугун, 12 январь куни оммавий ахборот воситалари билан ўтказиладиган брифингда идентификация ID-картасини расмийлаштириш ва бериш тартиби тушунтирилди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Паспорт ўрнига ID-карта
2021 йил 1 январдан бошлаб амалдаги биометрик паспорт ўрнига идентификация ID-картасини жорий этилди. Идентификация ID-картасини жорий этишда бир қатор хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси ўрганиб чиқилди.
Идентификация ID-карталарини расмийлаштириш ва бериш икки босқичда амалга оширилиши белгиланган. Жумладан, 1-босқич 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача бўлган даврни ташкил этади.
Ушбу даврда идентификация ID-карталари 16 ёшга тўлган ҳамда қонунчиликда кўзда тутилган бошқа сабаблар, яъни шахсни тасдиқловчи ҳужжатини йўқотган, яроқсиз ҳолга келган, биографик маълумотлари ўзгарган шахсларга ҳамда ихтиёрийлик асосида шахсни тасдиқловчи ҳужжатини алмаштириш истагини билдириб мурожаат қилган шахсларга расмийлаштириб берилади.
2-босқич 2023 йил 1 январдан 2029 йил 31 декабргача бўлган даврни ўз ичига олади. Бунда идентификация ID-карталари шахсни тасдиқловчи ҳужжатининг амал қилиш муддати тугаганлиги юзасидан мурожаат қилган шахсларга расмийлаштириб бериш назарда тутилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти 2030 йил 1 январдан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Россияда чет элликларнинг ишга жойлашиши ва паспорт олиши соддалаштирилади
Бундан ташқари, идентификация ID-карталарини расмийлаштириб беришда, белгиланган ҳужжатлар қабул қилиб олинганидан сўнг 1 иш куни мобайнида, ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган шахслардан идентификация ID-картасини расмийлаштириш учун мурожаат келиб тушганида масъул ходим томонидан 15 кун муддатда ушбу шахсларнинг яшаш манзилига борган ҳолда идентификация ID-картаси расмийлаштириш ва кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирмаслик тартиби белгиланган.
Шунингдек, идентификация ID-картасини олиш учун мурожаат этилганда туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ҳақидаги маълумотлар "Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг ягона электрон архиви" ахборот тизими орқали олиш тизими ҳам жорий этилган.
Йил бошидан шу кунга қадар мамлакат ҳудудида 16 минг 471 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролар, 62 нафар доимий яшовчи чет эл фуқаролари ҳамда 21 нафар доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар ID-карта билан ҳужжатлаштирилди.