ТОШКЕНТ, 10 сен — Sputnik. Россия Ички ишлар вазирлиги янги федерал қонун концепциясини тайёрлади ва муҳокама қилмоқда. Қонун Россия фуқаролигини олиш ва чет элликларнинг ишга жойлашишини соддалаштиради. Бу ҳақда “Россия сегодня” ХААдаги матбуот анжуманида Россия ИИВ миграция масалалари бўйича бош бошқармаси бошлиғи Валентина Казакова маълум қилди.
“Россия президенти топшириқларини инобатга олиб... Ички ишлар вазирлиги ижроия ҳукумати федерал органлари билан биргаликда бугунги кунда чет эллик фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги мутлақо янги федерал қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Биз у ерда жуда кўп ўзгаришларни таклиф қилмоқдамиз. Россия ҳудудида бўлиб туриш режими ўзгаради, ҳужжатларни расмийлаштириш соддалаштирилади”, - деди Казакова.
Унинг сўзларига кўра, вазирлик янги қонунда миграция режимлари бўлимини алоҳида белгилашни режалаштирмоқда.
“Агар чет эллик фуқаро ишлаш мақсадида келаётган бўлса, у осон, сифатли барча ҳужжатларини расмийлаштира олади. Бунинг учун турли электрон реестрлар жорий этилади. Иш берувчилар реестри, хорижлик ишчилар реестри. Ҳатто ҳужжатлар электрон тарзда берилади”, - дея аниқлик киритди Казакова.
Бундан ташқари, Россияда чет элликларнинг иш жойлашиш аксарият тартиб-қоидалари соддалашади, чунки ҳозир чет эл фуқароларини ишга жалб қилиш учун 30 дан зиёд вариантлар мавжуд.
Россияда миграция соҳасини катта ислоҳот кутмоқда – асосий таклифлар
Шунингдек, вақтинча яшаш гувоҳномасини (РВП) бериш босқичидан воз кечиш таклиф қилинмоқда. Чет элликлар бирданига Россияда яшаш гувоҳномасини (ВНЖ) олиб, кейин Россия фуқаролигини қабул қилишлари мумкин бўлади.
Казакова мазкур қонун лойиҳаси Россия Жамоатчилик палатасида 9 сентябрь куни “илк ўқишдан” ўтганига ойдинлик киритди. Ҳозир Россия ИИВ ишлаб чиқилган концепцияга оид эътироз ва таклифларни кутмоқда. Федерал лойиҳанинг ўзи 2021 йилда пайдо бўлиши мумкин.