ТОШКЕНТ, 9 янв - Sputnik. UZBEKISTAN GTL заводи қурилишининг якуний босқичи давом этмоқда, деб хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот-хизмати.
Марказий Осиёдаги энг йирик лойиҳалардан бири – Uzbekistan GTL заводининг қурилиши якуний босқичга кирди. Шу муносабат билан заводдаги ишларнинг кўлами тугалланди, ушбу ишларнинг бажарилиши учун ўз вақтида ишчи-ходимларнинг катта қисми жалб қилинган эди.
Хорижий ва Ўзбекистон фуқаролари орасидан вақтинчалик меҳнат шартномалари асосида ишларнинг айрим турларини босқичма-босқич бажарган ходимлар, кўзда тутилган фаолият тугагандан сўнг, Uzbekistan GTL заводи қурилишида ишни якунлайдилар.
Шу билан бирга, ушбу иншоотда ходимларнинг малакаси ва тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, қурилиш пудратчиси ENTER Engineering турли вақтларда жалб қилинган барча ходимларнинг маълумотлар базасига эга бўлиб, уларни янги объектларда ишлашга таклиф қилиши мумкин.
Маълумот учун, Қашқадарё вилоятида Uzbekistan GTL синтетик суюқ ёқилғисини ишлаб чиқариш заводи қурилиши 2017 йилда бошланган эди.
UzGTL ўз миқёсига кўра нафақат Ўзбекистонда, балки бутун минтақадаги энг йирик инвестиция лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Лойиҳа мамлакатнинг табиий газни чуқур қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш, углеводородлар импортини кескин камайтиришга қаратилган.
Лойиҳа доирасида йилига қарийб 1 млрд. долларлик нефть маҳсулотлари импорти ўрнини босиши кутилмоқда.