Араб давлатари Қатар билан яраш шартномаси имзолашди

Бундан 3,5 йил олдин Саудия Арабистони, Баҳрайн ва БАА Қатар билан барча алоқаларни бекор қилган, қуруқлик, сув ва ҳаводаги чегараларини ёпган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 янв — Sputnik.  Форс кўрфази давлатари Қатар билан можарони якунлаш ва чегараларни очиш ҳақида шартнома имзолашди. Ушбу келишувга Дохада бўлиб ўтган Араб давлатларининг 41-саммитида эришилди
Келишув остига Қатар ва Қувайт амирлари, Саудия Арабистони ва Баҳрайн ворис шаҳзодалари ҳамда БАА вице-президенти ҳамда Оман бош вазири ўринбосарлари ўз имзоларини қўйишди. 
Имзоланган шартноманинг барча шартлари кенг оммага ҳозирча ошкор қилинмаган бўлсада, унинг асосий мазмуни - бир неча йилдан бери яккаланиб келаётган Қатар билан ярашишдир. Айнан шу сабабли пандемияга қарамасдан араб давлатлари раҳбарлари учрашувни офлайн тартибда ўтказишга қарор қилишди.
Қатар ОПЕКдан чиқишини эълон қилди
Шартноманинг техник жиҳатларини кейинчалик тегишли қўмиталар томонидан келишиб олишга қарор қилинди.
Хабарда айтилишига кўра, ушбу шартномага эришишда АҚШ президенти Дональд Трампнинг иштириоки сезиларли бўлган. Шу сабабли учрашувда унинг катта маслаҳатчиси (ва куёви) Джаред Кушнер ҳам иштирок этган.
Ундан ташқари, учрашувда 2017 йилда Қатар билан алоқаларни узган Миср ташқи ишлар вазири Самех аш-Шукри ҳам иштирок этган. 
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони Қатар билан муносабатларини узишга 2017 йилда қарор қилган эди. Шундан сўнг 3,5 йил давомида Саудия Арабистони, Баҳрайн ва БАА Қатар билан барча алоқаларни бекор қилган ва қуруқлик, сув ва ҳаводаги чегараларини ёпган эди. Қатар амири Тамим бен Хамад Аль Тани араб давлатларининг ҳудудий учрашувларида иштирок этмаган эди.