Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатлари Камиловдан қандай топшириқлар олишди

Йиғилишда хорижда меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ватандошлар билан ришталарни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 дек - Sputnik. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов жорий йили ташқи сиёсий фаолият ва иқтисодий дипломатиянинг устувор йўналишларида олиб борилган ишлар ҳамда кириб келаётган 2021 йилга режалар бўйича Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди.

Илҳомжон Неъматов МДҲ Ижроия қўмитасига ишга ўтмоқда

Вазир ўз нутқида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириқлари, "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси"да ва Стратегияни "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили"да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажариш бўйича ТИВ марказий аппарати ва чет элдаги ваколатхоналарнинг фаолиятини батафсил таҳлил қилди.

Қайд этилганидек, коронавирус инфекцияси билан боғлиқ мураккаб вазиятда ҳам халқаро ҳамкорлик ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг ижобий ўсиш суръатлари сақлаб қолинди.

Ўзбекистон президентининг Туркия  ва Россияга расмий ташрифлари, қатор хориж давлатлари раҳбарлари билан видеоконференция шаклида музокаралар ва халқаро ташкилотларнинг йиғилишлари бўлиб ўтди. Ўзбекистон раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги халқаро ташаббусларини илгари суриш бўйича "Йўл харитаси" изчил амалга оширилмоқда.

Чегараларни очиш, мигрантлар масаласи ва савдо: Мирзиёевни МДҲ саммитидаги асосий фикрлари

Халқаро ва минтақавий тузилмалар, шу жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида ҳамкорлик мунтазам ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг жорий йили МДҲдаги раислиги ижобий натижалар билан якунлангани ҳам таъкидланди.

Афғонистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, афғонлараро музокараларни ўтказишга ёрдам бериш ва ушбу мамлакатда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фаол ишлар давом эттирилди.

Коронавирус пандемияси давом этаётган ва дунёнинг кўплаб давлатлари томонидан чеклов чоралари жорий қилинган шароитда хорижий шериклар билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, саноатнинг турли жабҳаларида қўшма сармоявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ҳамкорликнинг янги ўсиш нуқталарини белгилаб олишга алоҳида эътибор қаратилди.

Лавров ва Камилов қўнғироқлашди: ТИВ раҳбарлари нималарни муҳокама қилди

Хорижда меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ватандошлар билан ришталарни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. ТИВ томонидан бошқа вазирлик ва идоралар ҳамда хорижий шериклар билан биргаликда Ватанимизга 500 мингга яқин Ўзбекистон фуқаросини қайтариш бўйича ишлар ташкил этилди. Чет элда оғир вазиятда қолган 60 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаросига элчихоналар ва консуллик муассасалари орқали молиявий маблағлар, яшаш жойи ва озиқ-овқат билан таъминлаш шаклида беғараз ёрдам кўрсатилди.

Йиғилиш якунида марказий аппарат ва хориждаги ваколатхоналарга президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро ташаббусларини дунё майдонида жадал илгари суриш, узоқ ва яқиндаги давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро ва минтақавий институтлар билан конструктив шерикликни жадаллаштириш, фаол иқтисодий дипломатияни амалга ошириш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш бўйича ҳамда бошқа устувор йўналишларда аниқ вазифалар белгилаб берилди.