ТОШКЕНТ, 18 дек - Sputnik. Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида "2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"гиқонуни маъқулланди.
Таъкидланганидек, "2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонун билан келгуси йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва консолидациялашган Давлат бюджети прогнозлари ҳамда 2022 – 2023 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланмоқда.
Макроиқтисодий сиёсатнинг асосий йўналиш ва кўрсаткичлари келгуси йилда ҳам коронавирус пандемияси давом этиши тахминларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилган.
Бунда асосий эътибор макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш, фискал рағбатлантириш чораларини мўътадиллаштириб бориш, иқтисодий ўсиш суръатларининг 5 фоиздан юқори бўлишини таъминлашга қаратилган.
Инфляция даражасининг пасайиш тенденцияси давом этиши ва келгуси йилда унинг 10 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Ушбу ривожланиш кўрсаткичларига ҳар бир соҳада бошланган таркибий ислоҳотларни сифатли давом эттириш орқали эришиш назарда тутилган.
Қайд этилганлардан келиб чиқиб, 2021 йилда Консолидациялашган бюджет даромадлари 178,5 трлн. сўмга ёки ялпи ички маҳсулотнинг 25,9 фоизи даражасида прогноз қилинган.
Давлат бюджети даромадлари 147,2 трлн. сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 21,3 фоиз миқдорида белгиланмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 26,2 трлн. сўм, харажатлари эса 40,8 трлн. сўм миқдорида режалаштирилган.
Давлат мақсадли жамғармаларига республика бюджетидан 15,9 трлн. сўм маблағ ажратиш ҳам белгиланган.
Жумладан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари 23,5 трлн. сўм, харажатлари 36,5 трлн. сўмни ташкил этгани ҳолда бюджетдан 14,7 трлн. сўм ажратилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Давлат бюджетидан ижтимоий соҳаларга, хусусан, таълим соҳаси харажатларига 34,6 трлн. сўм, Соғлиқни сақлаш соҳасига 19,6 трлн. сўм, Маданият ва спорт соҳаси харажатларига 2,6 трлн. сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 1,2 трлн. сўм йўналтириш режалаштирилган.
Давлат дастурлари орқали эса узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш дастурлари учун (2 197 млрд. сўм), фанни ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун (168 млрд. сўм) аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш учун (3 952 млрд. сўм) маблағ ажратиш режалаштирилган.
Шунингдек, жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш чоралари доирасида Қонунда илк бор биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари бюджетида давлат дастурлари учун ажратилаётган маблағлар алоҳида кўрсатилиши назарда тутилганини қайд этиш лозим.
Бундан ташқари, мажлисда таъкидланганидек, “Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан бюджет тизими ва бюджет жараёнини такомиллаштириш чоралари белгиланмоқда.
Ушбу чораларнинг Бюджет ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги ва “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш киритиш орқали амалга оширилиши назарда тутилган.
Бунда Бюджет кодексига киритилган ўзгартиш билан бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш тартиби бузилган ҳолларда вазирлик ва идоралар раҳбар ходимларига жарима қўлланилиши белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси ҳақидаги ҳисоботни тақдим этмаган, бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш тартибини бузган вазирлик ва идоралар раҳбарларига жарима қўллаш бўйича ўзгартишлар киритилмоқда.
Шунингдек, мажлисда "2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонун қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.
2021 йилда солиқ сиёсатини такомиллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигини ошириш орқали солиқлар йиғилувчанлигига эришиш Қонуннинг асосий мақсадидир.
Шунга кўра, "Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш киритилмоқда.
Солиқ кодекси нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш мақсадида тегишли солиқ ставкаларини босқичма-босқич базавий ставкаларга етказишни назарда тутувчи ўзгартишлар ҳам киритилмоқда.