Ўзбекистон иштирокидаги халқаро арбитраж ўзаро келишув билан тугатилди

Ўзбекистон ва даъвогарлар 2013 йилдан буён Инвестиция низоларини ҳал этиш халқаро марказида давом этаётган халқаро арбитражни тугатишга келишиб олди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 дек - Sputnik. Ўзбекистон ва даъвогарлар 2013 йилдан буён Инвестиция низоларини ҳал этиш халқаро марказида давом этаётган (Vladislav Kim and others v. Republic of Uzbekistan, ARB/13/6-сон иши) – "ICSID Арбитражи" халқаро арбитражни тугатишга келишиб олди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди (https://t.me/SevaraJournalist/2605).

Bloomberg: Гулнора Каримова Швейцарияда судда ютиб чиқди

2013 йилда Қозоғистоннинг ўн икки фуқароси давлат органларининг "Бекободцемент" АЖ ва "Қувасойцемент" АЖга нисбатан қилган ҳаракатлари муносабати билан ICSIDга арбитраж даъвосини киритган, даъвогарлар ўша пайтда мазкур жамиятларнинг аксарият улушини эгалари бўлган.

Даъвогарлар давлат органларининг ҳаракатлари 1997 йил 2 июндаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасидаги "Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Битимни бузганлигини таъкидлаган ("Инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисида Битим").

Ўзбекистон томони даъвогарларнинг барча айбловларини рад этиб, Инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги Битимнинг бузилиши ҳолатлари мавжуд эмаслигини таъкидлади, шу билан бирга, низони тинч йўл билан ҳал қилишга тарафдорлигини билдирди.

Тошкентда халқаро арбитраж маркази ташкил қилинади

Олиб борилган музокаралар натижасида томонлар ўзаро манфаатли шартлар асосида ICSID арбитражини тугатиш бўйича келишувга эришдилар. Ушбу келишув доирасида Ўзбекистон томони "Бекободцемент" АЖнинг 51 фоиз акцияларини мазкур жамиятнинг акциядорига қайтарди.

Ўзбекистон томони мамлакатда кенг қўламли иқтисодий ислоҳотлар дастури амалга оширилаётганлигини ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар соҳасида фаол сиёсат олиб бораётганлигини қайд этади.

2020 йилнинг октябрига келиб томонлар келишув битимида назарда тутилган барча шартларни бажардилар.

Шундан сўнг, 2020 йилнинг 9 декабрида ICSID Трибунали арбитраж муҳокамасини қайта мурожаат қилиш ҳуқуқисиз тугатиш ҳақида қарор қабул қилди.