ТОШКЕНТ, 4 дек - Sputnik. Гулнора Каримова Швейцарияда судда ғолиб чиқди, деб ёзади Bloomberg.
Қарорга биноан Федерал Апелляция суди Каримованинг Гибралтар компанияси Takilant Ltd нинг қонуний бенефициари бўлганлиги тўғрисидаги даъвосини қондирди, унинг маблағлари 2018 йилги жиноят иши бўйича Швейцария банк ҳисобварағида музлатиб қўйилган.
Шу билан бирга, суд қарори билан аллақандай Ўзбекистон фуқароси Б.га нисбатан суд қарори қабул қилинган. Аёл Гулнора Каримова номидан ҳужжатларни сохталаштириш ва пулни юқишда айбдор деб топилган. Б.нинг бу қилмишларидан мақсад Гулнора Каримова пул маблағларининг ҳақиқий эгаси эканлиги тўғрисидаги фактни яшириш бўлган.
Каримованинг адвокати Грегуар Манжнинг сўзларига кўра, бу Гулнора учун муҳим ғалаба, Швейцария прокуратурасида эса 350 миллион долларнинг ноқонуний келиб чиқишини исботловчи далиллар етарли эмас.
Адвокатнинг аниқлик киритишича, ушбу қарор Швейцариянинг пулларни Ўзбекистонга қайтаришдан олдинроқ Гулнора Каримовага қайтариш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, 2012 йилда Швейцария прокуратураси Гулнора Каримованинг 800 млн швейцария франкига тенг активларини музлатиб қўйган эди. Ушбу маблағларнинг бир қисми — 131 млн долларга яқини — 2019 йилда қайд этилган.
2015 йил август ойида Каримова товламачилик ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбланиб, 2017 йилнинг декабрида яна бир жиноий иш доирасида унга 10 йилга озодликдан маҳрум этиш кўринишида жазо тайинланган эди. 18 март куни суд янги жиноий иш доирасида унинг қамоқ муддатини 13 йил тўрт ойгача узайтирди.