Коррупция барбод қилади: ким айбдор ва нима қилмоқ керак - Норбоева билан интервью

Бугун Ўзбекистон коррупцияга қарши курашишда муайян ютуқларга эришди – ушбу соҳани тартибга солувчи асосий Қонун қабул қилинди ва тегишли тузилмалар тузилди. Бироқ қонунчиликда ҳали ҳам "бўшлиқлар" топишга имкон берадиган катта камчиликлар мавжуд.
Sputnik

Анна Желиховская

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Танзила Нарбаева бунинг қандай олдини олиш, шунингдек, коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамиятининг ролини қандай кучайтириш ҳақида сўзлаб берди.

- Сиз Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ ҳозирги ҳолатни қандай баҳолайсиз? Қандай ишлар амалга оширилди?

- Кейинги икки йилда Ўзбекистонда коррупцияга қарши сиёсат соҳасида қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Энг аввало, жамият ва давлат ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий асос шакллантирилди. 2017 йилда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши муҳим қадам бўлди. Қонунда коррупция ва манфаатлар тўқнашуви, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик каби тушунчаларга ойдинлик киритилди. Қонунда коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари, ушбу соҳадаги давлат сиёсати йўналишлари, уларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари мустаҳкамлаб қўйилди.

Йўлдошев: 2 йилда коррупциявий жиноятлар оқибатида етказилган зарар 2 трлн сўмдан ошди

Бундан ташқари, ушбу Қонун коррупцияга қарши курашишнинг яхлит қонунчилик, ҳуқуқий тизимини шакллантириш ва ривожлантириш учун асос бўлди. Давлатимиз раҳбарининг қатор фармонлари ва қарорлари, коррупцияга қарши курашиш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича чора-тадбирларни белгилаб берган давлат дастурлари қабул қилинди.

Бугунги кунда барча ишлаб чиқилаётган ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилмоқда. Қонун ижодкорлиги соҳасида катта натижаларга эришган хорижий мамлакатларнинг тажрибасидан кенг фойдаланилмоқда.

Коррупцияга қарши самарали курашиш учун қонунларнинг ўзи етарли эмаслигини, уларни амалда рўёбга чиқариш механизмлари кераклигини англаб етиш муҳим.

Шу муносабат билан жорий йилнинг июнь ойида тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунадиган, шунингдек, Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобот берадиган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Агентликка жуда муҳим вазифалар юклатилган. Агентлик инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, иқтисодий фаолият ва хусусий мулк эркинлигини, жамият ва давлатнинг бошқа ҳаётий муҳим манфаатларини коррупциядан ҳимоя қилишга қаратилган қатор таҳлилий, профилактика, сиёсий-ҳуқуқий ва маърифий тадбирларни шакллантириш ва амалга ошириш учун жавоб беради.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорига ўринбосарлар тайинланди

Агентликнинг ҳам, яқинда тузилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг ҳам фаолияти олиб борилаётган ишлар жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади, биринчи навбатда барча соҳаларда коррупциянинг сабаблари ва уни келтириб чиқарадиган шарт-шароитларни бартараф этишга кўмаклашади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш, фуқаролар ва фуқаролик институтларини ушбу ишларга кенг жалб қилиш коррупцияга қарши курашишнинг энг муҳим устувор йўналиши бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда. Мамлакатимизда нодавлат сектор ва фуқаролик жамияти вакиллари, халқаро ҳамкорлар, бизнес вакиллари билан очиқ мулоқот қилиш биринчи марта давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бундай ёндашув фуқароларнинг ҳокимият институтларига бўлган ишончини кучайтириш учун ҳам, коррупция ҳолатларига қарши курашишда, мамлакатда ҳуқуқ устуворлигини таъминлашда жамият ва давлатнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш учун ҳам жуда муҳимдир. 2018 йилда қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун ва бошқа қатор қонун ҳужжатлари ушбу устувор йўналишлар ва вазифаларни амалга ошириш учун муҳим ҳуқуқий асосни яратади.

- Мутахассисларнинг фикрича, коррупцияни бутунлай йўқ қилиш мумкин эмас. Бироқ баъзи экспертлар уни назорат қилиш ҳақида сўз юритмоқда. Сизнингча, бу қанчалик тўғри янграяпти?

– Фикримча, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш ҳақида сўз юритиш тўғри бўлади. Ҳеч кимга сир эмаски, коррупция пайдо бўлишининг сабаблари ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шарт-шароитлар билан изоҳланади. Шу сабабли ушбу ёвузликка қарши курашишда бундай сабабларни ўз вақтида аниқлаш ва давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида коррупция намоён бўлишига туртки берадиган шароитларни йўқ қилиш бўйича комплекс ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий, шу жумладан ғоявий-тарбиявий чора-тадбирларни амалга ошириш муҳимдир. Мамлакатда олиб борилаётган маъмурий ислоҳот, иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш чора-тадбирлари айнан шу вазифани ҳал қилишга қаратилган. Сизга маълумки, кейинги йилларда давлат фуқаролик хизматидан ўтишнинг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш юзасидан кўп ишлар амалга оширилди.

Ўзбеккино коррупцияга қарши мультфильм билан курашишга қарор қилди

Мансабдорлар томонидан активлар, даромадлар, йирик харажатлар тўғрисида декларация бериш, маъмурий тартиб-таомиллар самарадорлигини ошириш, давлат бошқаруви органларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда бюрократизм ва сохтакорликка барҳам бериш институтларини амалиётга жорий этиш борасида яна ҳам кўпроқ ишларни амалга ошириш лозим.

Шу билан бирга, шуни унутмаслик керак, коррупция давлат ҳокимияти ва бошқарувининг асосларини бузадиган, уларнинг аҳоли орасидаги обрўсига путур етказадиган оғир жиноий ҳаракатлар мажмуи ҳисобланади. Ва энг асосийси, бу жиноятлар фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига дахл қилади.

Айнан шу сабабли барча ҳуқуқий, шу жумладан, жиноят-ҳуқуқий таъсир чораларидан фойдаланган ҳолда коррупцияга қарши олиб бориладиган муросасиз кураш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланди. Жумладан, мансабдор шахсларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлигини кучайтириш нуқтаи назаридан жиноят, жиноят-процессуал қонун ҳужжатларини тубдан қайта кўриб чиқиш, шунингдек бошқарув амалиётига мувофиқлик дастурларини (compliance) жорий этиш, ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берувчиларни ҳимоя қилиш чора-тадбирлари изчил амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, 2020 йилнинг 9 ойи давомида коррупция ҳолатлари билан боғлиқ 838 та жиноят иши қўзғатилди. Жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 4 нафари республика даражасида, 15 нафари ҳудудий даражада ва 626 нафари шаҳар ва туман даражасидадир.

Агар устувор вазифалар ҳақида гапирадиган бўлсак, бугун коррупцияга қарши сиёсатни шакллантириш ва амалга ошириш бўйича ишларни бажаришда изчилликни, умумийликни таъминлаш ниҳоятда муҳимдир. Бугун давлат аппарати, шу жумладан парламент жамоатчилик ва бу йўлни муваффақиятли босиб ўтган мамлакатлар халқаро экспертлари билан яқин ҳамкорликда ушбу вазифалар устида иш олиб бормоқда.

- Ҳеч кимга сир эмаски, халқимиз жуда илтифотли халқ. Ва бундай илтифотлилик (ҳатто анъаналар) порахўрликнинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшмоқда. Жамиятда коррупциянинг барча турларига нисбатан муросасиз муносабатни қандай шакллантириш мумкин?

– Мен бу гапга қўшила олмайман! Илтифотлилик, очиқлик, виждонлилик, қалби кенглик, адолатга содиқлик ва халқимизнинг бошқа юксак инсоний фазилатлари, Сиз айтганингиздек, “коррупциянинг гуллаб-яшнашига” замин ярата олмайди. Коррупция – бу қуллик психологиясининг намоён бўлишидир, биз эса ўз қадр-қимматимизни чуқур англайдиган эркинликни севувчи халқмиз ва айнан шу биз илдизи яқин ўтмишимизга бориб тақаладиган бу касалликни ва ҳалигача ҳал қилинмаган ҳаётий муаммоларни енгиб ўтишимизга тўлиқ ишонч бағишлайди.

Коррупция, биринчи навбатда, алоҳида инсоннинг, мансабдор шахснинг ўз лавозимидан бойиш мақсадида фойдаланишга мойил бўлган ёки мойил бўлмаган ахлоқининг ички ҳолатини акс эттиради. Жиноят кодексида нафақат пора олганлик ва берганлик учун, балки пора беришда воситачилик қилганлик учун ҳам моддалар белгиланганлигини унутмаслик лозим.

Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди

Ҳаракатлар кетма-кетлигини, муросасизликни, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онги даражасини оширишни мен ушбу ҳодисага қарши туришнинг асосий омиллари деб биламан. Айниқса, ёшлар орасида иш олиб бориш ва уларни коррупцияга қарши олиб борилаётган ислоҳотларга жалб қилишга кўмаклашиш жуда муҳимдир. Ҳар бир фуқаро бу ёвуз қилмишни содир этганидан сўнг муқаррар жазо борлигини тушуниши керак.

Бундан ташқари, коррупция иқтисодий ислоҳотларни тарғиб қилишга, инвестицияларни жалб қилишга тўсқинлик қилишини, мамлакатимизнинг рақобатдошлигини пасайтиришини ва шу орқали бизнинг фаровонлигимиз ўсишини, ишсизлик, юқори сифатли таълим, соғлиқни сақлаш билан боғлиқ фуқароларнинг долзарб ижтимоий муаммоларини ҳал қилишга ғов бўлишини ҳар ким ва умуман жамият тушуниши муҳимдир.

Айнан шу сабабли бугун миллий инвестиция лойиҳалари доирасидаги маблағларнинг, шунингдек халқаро молия ташкилотлари томонидан ажратилган грантларнинг мақсадли сарфланиши жараёни устидан назоратни, шу жумладан депутатлар ва жамоатчилик назоратини таъминлаш ниҳоятда зарурдир. Давлат тузилмалари фаолиятида ушбу жараёнларнинг очиқлиги ва шаффофлиги ҳокимиятга бўлган доимий ва асосли ишончни мустаҳкамлайди. Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши қарори билан капитал қурилиш, олий таълим, давлат харидлари ва соғлиқни сақлаш соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

Олий таълим тизимидаги 326 нафар ходим коррупцияга қўл урган

Шуни яна бир бор қайд этишни хоҳлардимки, биз сиз билан қонунлар қабул қилиш, жиддий жазолар қўллаш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш зарурлиги ва коррупцияга қарши курашишнинг бошқа воситаларини қайд этдик, бироқ ҳар биримиз ўзимизда ушбу ҳалокатли ҳодисага нисбатан муросасизликни шакллантирмасак, ўзимизни ўзгартирмасак, барча ҳаракатларимиз кутилган натижа бермайди. Шунинг учун ҳам фуқаролик жамияти коррупцияга қарши курашишда муҳим роль ўйнайди. Фуқаролар ҳали ҳам етарли даражада фаол эмаслигини ҳисобга олиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ушбу қийин жараёнга фуқаролик жамияти фаолларини жалб қилиш бўйича фаол иш олиб бормоқда.

Бундан ташқари, лавозими даражасидан қатъи назар (республика, вилоят, шаҳар, туман) содир этилган коррупция ҳолатлари оммавий ахборот воситаларида имкон қадар ёритилиши керак, токи бунинг оқибатлари бошқаларга ибрат бўлсин.

- Нима учун қурилиш, соғлиқни сақлаш, таълим, суд тизими каби соҳалар энг кўп коррупция ботқоғига ботган соҳалар ҳисобланади?

– Чиндан ҳам ушбу соҳаларда коррупция хавфи юқори ва бунинг сабаби шундаки, афтидан ушбу соҳаларда инсон омили, бошқарув тизимидаги, давлат хизматини ташкил этишдаги камчиликлар – ҳаддан ортиқ бюрократия ва маъмурий тўсиқлар ва бошқа чиқимлар кўпроқдир. Шу муносабат билан бундай омилларнинг таъсирини нафақат ушбу фаолият соҳасидаги ишларда, балки бошқа фаолият соҳаларида ҳам камайтириш зарур.

Ушбу масалалар қандай ҳал қилинаётганлигига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бюрократик тўсиқларни камайтириш ва бартараф этишга қаратилган ишларда ҳал қилувчи қадам бўлди. Фармонга мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб 70 турдаги лицензия ва 35 та рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат бекор қилинмоқда.

Электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари кўламини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чоралар коррупцияга қарши курашишнинг кучли воситаларидан бирига айланди. Шу нуқтаи назардан электрон ҳукуматни ривожлантириш муҳимлигига урғу бермоқчиман. Унинг коррупцияни камайтиришдаги салоҳияти ҳали етарлича амалга оширилмаган ва шу сабабли биз жойларда электрон ҳукумат фаолияти механизмидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича ишларни кучайтиришимиз керак.

Шу билан бирга, нафақат юқорида санаб ўтилган соҳаларда, балки давлат ҳаёти ва фаолиятининг бошқа соҳаларида ҳам айрим давлат органлари ходимлари ҳуқуқий маданиятининг паст даражаси коррупцияни келтириб чиқарувчи тизимли сабаблардан бири бўлиб, уни йўқ қилиш учун ҳали кўп ишлар қилиниши керак. Афсус билан таъкидлаш жоизки, айрим давлат органлари ходимларининг ҳуқуқий онги коррупция жамиятимиз ҳаётини бузадиган ҳодиса эканини англайдиган даражага етмаган.

- Коррупцияга қарши курашишда парламент қандай роль ўйнайди?

– Ижро этувчи ҳокимият фаолиятини назорат қилиш бўйича катта ваколатларга эга бўлган мамлакатнинг олий қонун чиқарувчи органи сифатида коррупцияга қарши курашишда парламентнинг роли ниҳоятда юқори. Парламент, энг аввало, коррупцияга қарши самарали курашиш бўйича замонавий ҳуқуқий ва қонунчилик асосларини яратиш учун жавоб беради. Бу соҳада сифатли қонунларнинг ўз вақтида қабул қилиниши, уларнинг сўзсиз бажарилишини, шунингдек барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар коррупцияга қарши пухта экспертизадан ўтказилишини назорат қилиш парламент аъзоларига коррупция ҳолатларининг олдини олишда ютуққа эришиш имконини беради.

Мажидов таълимда коррупцияни йўқотиш ҳақида: "Бир йил кам"

Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлис палаталари, уларнинг органлари қарорлари, давлат дастурлари ва ҳоказоларнинг бажарилиши устидан парламент назоратини олиб бориш шаклларидан фойдаланиш – Олий Мажлис палаталарининг муҳим вазифасидир.

Олий Мажлис палаталари таркибида парламентнинг коррупцияга қарши курашишдаги қонун ижодкорлиги, назорат функцияларини самарали амалга ошириш мақсадида коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича махсус қўмиталар тузилди.

Парламент аъзолари, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари депутатлари ушбу соҳада коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунлар ва давлат дастурларини амалга оширишда фаол иштирок этаётганлиги ҳақида кўплаб мисолларни келтира оламан.

Жумладан, вилоят ҳокимлари, ҳукумат аъзолари, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолияти самарадорлиги, шу жумладан коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисидаги ҳисоботлари ва ахборотини Сенат томонидан тизимли равишда эшитиш амалиёти йўлга қўйилган.

Мирзиёев коррупцияга қарши курашиш чораларини белгилаб берди

Маҳаллий Кенгашларда депутатлар, шу жумладан тегишли ҳудудлардан сайланган Сенат аъзолари коррупцияга қарши курашиш бўйича ишларни ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни тобора кўп кўтармоқда. Ушбу масалаларни, депутатлар текширувлари якунлари бўйича ташкил этилган текширувларни муҳокама қилиш, халқ сайлаган вакиллар томонидан мансабдор шахслар, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари мансабдор шахслари фаолиятига берилган баҳолар тобора қатъий ва конструктив бўлиб бораётганини алоҳида таъкидламоқчиман.

- Сизнингча, коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг вазифаси нимадан иборат?

– Жамият узоқ вақт коррупция билан боғлиқ муаммоларни очиқча кенг муҳокама қилмасликка ҳаракат қилганлигини тан олиш керак.

Шу билан бирга, ахборотнинг очиқлиги коррупцияга қарши курашишда асосий омил ҳисобланади, чунки масс-медиа жамият онгига катта таъсир кўрсатади ва хулқ-атворнинг ўзгармас стереотипларини шакллантиради.

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбарининг давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини оширишга, давлат органлари фаолиятида мавжуд бўлган муаммоларни, камчиликларни кенг муҳокама қилиш учун ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратишга қаратилган сиёсати давлат бошқаруви тизимида соғлом муҳитни сақлашда оммавий ахборот воситаларининг ролини сезиларли даражада оширади.

Бош прокурор олий таълим соҳасида коррупция тарқалган йўналишларни санаб ўтди

Фикримча, ОАВ нафақат ахборот манбаси вазифасини бажариши, балки коррупцияга қарши курашиш тизимининг бир қисмига, мамлакатнинг коррупцияга қарши стратегиясини тарғиб қилишда муҳим воситага айланиши керак. Шу нуқтаи назардан, оммавий ахборот воситаларининг ваколатларини кенгайтириш, мустақиллигини, шу жумладан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан мустақиллигини изчиллик билан мустаҳкамлаш зарур. Менимча, коррупцияга қарши сиёсатни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмларини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаб қўйиш вақти келди. 

Биз оммавий ахборот воситаларида чоп этиладиган нашрларга эътибор қаратишимиз шарт.

Мен ўз фаолиятимда оммавий ахборот воситалари билан ҳам ҳамкорлик қилишга алоҳида аҳамият бераман. Ҳам давлат, ҳам хусусий оммавий ахборот воситаларининг аккредитациядан ўтган журналистлари рўйхати кенгайиб бормоқда. Шуни таъкидлашни истардимки, энди ялпи мажлисларни видеоконференцалоқа режимида ўтказиш имконияти мавжуд. Ва бу фаолиятимизда биз очиқлик ва шаффофлик тамойилига амал қилишимизни яна бир бор тасдиқлайди. Олий Мажлис палаталари фаолиятига электрон парламент тизимини жорий этиш бу йўналишдаги яна бир ташаббусдир. Ушбу лойиҳа қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш ва парламент назоратини таъминлаш, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш масаласида парламент ва жамоатчилик ўртасида самарали мулоқот учун зарур восита бўлади.

- Сиз Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашидан ташқари Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашига ҳам раҳбарлик қиласиз. “Бошқарув сифатининг индикаторлари” (у ерга “Коррупцияни назорат қилиш” киради), “Коррупцияни англаб етиш индекси” ва “Ҳуқуқ устуворлиги индекси” (унга “Коррупция йўқлиги” киради) каби кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон эгаллаган ўринларни яхшилаш мақсадида қандай ишлар олиб борилмоқда?

– Ўзбекистон коррупцияга қарши курашишда ижобий натижа кўрсатаётган 16 та мамлакат қаторига киради. Биринчи навбатда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга баҳо берилади. Таъкидлаш жоизки, “Қонун устуворлиги 2020” индекси бўйича Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида энг катта ютуққа эришди. Ҳисоботга кўра Ўзбекистон умумий рейтингда 0,47 балл билан 92-ўринга кўтарилди. Бироқ одамлар суд-ҳуқуқ тизимидан мамнун, дейиш ҳали эрта. Суд тизими, шу жумладан коррупцияга қарши курашишда ҳақиқатан ҳам самарали тизимга айланиши учун судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш энг муҳим вазифа бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда. Бу борада судьялар фаолиятига аралашиш ёки уларга мансабдор шахс томонидан босим ўтказиш ҳолатлари тўғрисида Судьялар олий кенгаши тақдимотларини кўриб чиқиш амалиётини Сенат фаолиятига жорий этиш масаласи ўрганилмоқда. Судьяларнинг коррупцияга мойиллигини аниқлаш мақсадида яширин мониторинг ўтказиш режалаштирилмоқда. Мониторинг натижалари ҳар йили Судьялар олий кенгашида муҳокама қилинади.

Ўзини-ўзи молиялаштирадиган олийгоҳлар коррупциядан ҳимоя қилинади

Халқаро Transparency International ташкилоти томонидан тузиладиган индексда Ўзбекистон сўнгги йилларда ўз ўрнини яхшилаб олди, бироқ бу ёвуз иллатни тўлиқ йўқ қилиш учун ҳали кўп ишларни бажариш керак. Айни пайтда Республика кенгаши давлат органларида коррупция хавфлари пайдо бўлишини мониторинг қилиш ва баҳолаш амалиётини ишлаб чиқиш ва жорий этишни назарда тутувчи 2030 йилгача коррупцияга қарши курашиш стратегияси лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Бу қатор индикаторлардан иборат коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий индексга айланади.

Биз Республика кенгашида коррупцияга қарши курашиш бўйича давлатлар гуруҳларининг халқаро ташкилотига (ГРЕКО) қўшилиш, шунингдек тегишли конвенциялар нормаларини миллий қонунчиликка татбиқ этиш масалаларини ўрганаяпмиз.

Албатта, мақсадимиз халқаро рейтингларда Ўзбекистон эгаллаган ўринларини мустаҳкамлашдангина иборат эмас. Асосий вазифа – халқ ҳаётини яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини коррупциядан ишончли ҳимоя қилишни таъминлашдир. Халқаро рейтинглар ва индекслар эса мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кўзгуси ва эътирофи бўлиб хизмат қилади. 

- Яқинда жамоат муҳокамаси учун қарор лойиҳаси тақдим этилди, унга кўра коррупция ҳолати ҳақида хабар берган фуқаролар молиявий томондан рағбатлантирилади. Сизнингча, бу механизм қанчалик самарали бўлади?

– Бундай механизм қатор демократик мамлакатларда қўлланилишини билсангиз керак. Бизнинг шароитимизда у қанчалик самарали бўлишини вақт кўрсатади. Фикримча, агар фуқаролар коррупция ҳолатлари ҳақида ахборотга эга бўлсалар, улар бу ахборотни тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар берганларида, биринчи навбатда, ўз фуқаролик нуқтаи назаридан келиб чиқиб иш тутушлари керак. Шу билан бирга, коррупция ҳолатларини ошкор қилган ва жамият манфаати йўлида улар ҳақида тегишли органларга хабар берган шахсларни юридик ҳимоя қилишнинг самарали механизмини яратиш зарур, деб ҳисоблайман.