Бош прокурор олий таълим соҳасида коррупция тарқалган йўналишларни санаб ўтди

© Пресс-служба Генпрокуратуры РУзГенпрокурор Узбекистана Нигматулла Юлдашев.
Генпрокурор Узбекистана Нигматулла Юлдашев. - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ниғматилла Йўлдошевнинг маълум қилишича, “ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ масофали ракета шарт эмас”. Бунинг учун таълим сифатини тушириб, имтиҳонларга алдов аралаштиришнинг ўзи кифоядир.

ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиясининг йиғилишида олий таълим соҳасида коррупция тарқалган йўналишларни санаб ўтди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Таъкидланишича, коррупция ҳолатлари, асосан, талабалик сафига қабул қилиш, ўқиш жараёнида топшириладиган турли синовлар, талабаларнинг битирув малакавий иши ёки магистрлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш, магистратурага қабул, шунингдек, талабаларнинг ўқиш жойини кўчириш, ўқиш йўналишини ўзгартириш ҳамда ўқишга қайта тиклашда кузатилмоқда.

Тошкентда стажёр-ўқитувчи фирибгарликка қўл урди

Йиғилишда сўнгги икки йилда тизимдаги 326 нафар ходим таълим жараёни билан боғлиқ жиноятлари учун жавобгарликка тортилганлиги, уларнинг 220 нафари коллеж ва лицейларга, 106 нафари олий ўқув юртларига тўғри келиши танқид остига олинди.

Институт ва университетларнинг жиноят содир этган ходимларидан 3 нафарини ректорлар, 5 нафарини проректорлар, 15 нафарини декан ва декан ўринбосарлари, 62 нафарини ўқитувчилар ташкил этади. Колеж ва лицейларда эса 34 нафар директор, 31 нафар директор ўринбосари, 94 нафар ўқитувчи жиноятга қўл урган.

2018 йилда “Ижтимоий фикр” жамоатчилик Маркази ўтказган сўровда иштирок этганларнинг 29 фоизи олий таълим тизимида коррупция кенг тарқалган деган фикрни билдирган бўлса, 2019 йилда бу салбий кўрсаткич 35 фоизни ташкил этган.

Комиссия раиси талабалик сафига қабул қилиш жараёнларини такомиллаштириш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Жумладан, ўқишга киритиш важи билан 115 нафар, жумладан, 58 нафар олий ва 57 нафар ўрта махсус таълим ходимлари жиноий жавобгарликка тортилган.

ТГЭУ (Нархоз) - главное здание  - Sputnik Ўзбекистон
Ўзини-ўзи молиялаштирадиган олийгоҳлар коррупциядан ҳимоя қилинади

Сўнгги икки йилда 21 нафар талабанинг бундай жиноятларга аралашиб жавобгарликка тортилганлиги тизимдаги коррупция оқибати сифатида кескин танқидга олинди.

Йиғилишда комиссия раиси, коррупция ҳолатларига таълим жараёнларнинг очиқ ва шаффоф ташкил этилмаганлиги сабаб бўлганлигини кўрсатиб, бундан соҳадаги ҳар бир раҳбар ходим ўзига тегишли хулоса чиқариши лозимлигини таъкидлади.

Маъруза якунида бош прокурор Жанубий Африка Республикаси Стелленбосс университети пештоқига ёзиб қўйилган қуйидаги иборани иқтибос сифатида келтирди.

“Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ масофали ракета шарт эмас. Бунинг учун таълим сифатини тушириб, имтиҳонларга алдов аралаштиришнинг ўзи кифоядир.Бу тарзда таълим олган шифокорлар қўлидан беморлар ўлим топади, қурувчилар қурган уй ва бинолар вайрон бўлади, иқтисодчи ва ҳисобчилар қўлида молиявий ресурслар совурилади, адолат ҳам шундай ҳуқуқшунос ва судьялар қўлида завол топади. Таълимнинг инқирози – бу миллат инқирозидир”, - деди Йўлдошев.

Йиғилиш якуни бўйича олий таълим соҳасини “коррупциясиз соҳа”га айлаштириш, қонун бузилиши ва камчиликларни бартараф этиш бўйича комплекс тадбирларни амалга оширишга қаратилган қарор қабул қилинди.

Янгиликлар лентаси
0