"Бу кунлар ҳар қачонгидан-да синовли бўлади" — Махсус комиссиянинг халққа мурожаати

Комиссия коронавирус хавфини олдини олиш бўйича чора-тадбирлар яқин кунларда ўзининг ижобий самарасини кўрсатишига, ҳар томонлама тартиб-интизомни сақлаган ҳолда, юксак онглилик ва масъулият кўрсатиб, бу синовдан эсон-омон ўтиб олишга қаттиқ ишонч билдирмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 авг - Sputnik. Република махсус комиссияси Ўзбекистон аҳолисини яқинлашиб келаётган Ватан мустақиллигининг 29 йиллиги билан чин юракдан самимий табриклаб, халққа мурожаат билан чиқди.

Ўзбекистонда коронавирус: 28 август асосий хабарлари

Мурожаатда айтилишича, беш ойдан ортиқ вақт давомида Махсус комиссия коронавирус пандемияси хатарини имкон қадар кам талафот билан енгиб ўтиш учун барча зарур чораларни кўриб келди.

Кўрилган самарали чора-тадбирлар ҳамда тиббиёт ҳодимларининг фидокорона хизматлари натижасида бугунги кунга келиб Ўзбекистонда коронавирус юқтирган жами 40 мингдан ошиқ фуқароларнинг қарийиб 38 мингга яқини ёки 93 %и соғайди, 2 минг 700 дан зиёд беморни даволаш ва оиласи бағрига қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Вазият айниқса Тошкент шаҳрида ижобий томонга ўзгараётгани, Россия, Германия ва Хитойдан таклиф этилган шифокорлар ҳудудлар ўртасида тақсимлангани, хорижлик экспертлар асосан оғир аҳволдаги касалларни энг замонавий услублар асосида, тизимли равишда даволашга жалб этилгани ўзининг яхши самарасини берганлиги қўшимча қилинган.

Ўзбекистонда бирорта ҳам бола коронавирусдан вафот этмади - Махсус штаб

Махсус комиссия мазкур йўналишда амалга ошираётган шу ва бошқа чора-тадбирлар яқин кунларда ўзининг ижобий самарасини кўрсатишига, янада жипслашиб, ҳар томонлама тартиб-интизомни сақлаган ҳолда, юксак онглилик ва масъулият кўрсатиб, мўътабар кексаларнинг дуои фотиҳалари билан бу синовдан эсон-омон ўтиб олишга қаттиқ ишонч билдирмоқда.

Касаллик тарқалишининг суръатини пасайтириш ва жараённи жиловлаб туришда оммавий тадбирлар ва турли маросимлардан воз кечишнинг аҳамияти катта бўлгани эътироф этилган. "Халқ саломатлиги ҳар нарсадан устун туришини, инсон ҳаёти энг олий қадрият эканини ҳам пандемия даврида яна бир бор эслатди, кўрсатди".

Махсус комиссияга кўра, пандемия шароитида мустақиллик байрамининг 29 йиллик айёмини нишонлаш тартибини келишиб олиш учун соғлиқни сақлаш тизими вакиллари билан маслаҳат ўтказилган ва бу борада бир қарорга келинган.

Россиянинг коронавирусга қарши вакцинасини 27та давлат харид қилишни истаяпти

"Пандемия билан боғлиқ вазият бу йил жойларда катта йиғин ва оммавий сайиллар ўтказишни, шунингдек, боғ ва кўнгилочар майдончаларда концерт дастурлари ташкил этишни, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида мушакбозликларни чеклашни талаб қилмоқда. Шунинг учун ушбу улуғ санани кўпроқ оила даврасида нишонлашни ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деган қарорга келдик", - дейилади хабарда.

Корхона ва ташкилотларда ҳам байрам тадбирлари режалаштирилган тақдирда, уларни санитария нормаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтилган.

"Ушбу кунлар биз учун ҳар қачонгидан-да синовли бўлади. Кўрилаётган чоралар қанчалик натижа бериши тез орада аён бўлади. Шу муносабат билан, ҳар биримиз пандемия шароитида яшаш ва ишлашга, ҳаракатларимизда эпидемилогик талабларга сўзсиз амал қилишга одатланишимиз керак. Шу боис, ҳокимлар, сектор раҳбарлари ва вазирларга доимий равишда вазиятни таҳлил қилиб, COVID-19 тарқалишини қатъий чеклаш, беморларни самарали даволаш ва эҳтиёжмандларга ёрдам бериш бўйича барча чораларни кўриб бориш топширилади", - деб таъкидланган мурожаатда.