Қулайроқ ўтириб олинг - электр стули 130 ёшда

Электр стулдаги қатл - АҚШда ўлим жазосини ижро этиш усулларидан бири саналади. Бугунги кунда бу усул унчалик оммабоп эмас, бироқ бир асрдан ортиқ тарихи давомида бу стулда 4 мингдан ортиқ одам ўтирган.
Sputnik

Кирилл Бакеев, Sputnik радиоси шарҳловчиси

АҚШ инсонпарварлик нуқтаи-назаридан маҳбусларни ток ёрдамида ўлдиришни бошлаган. Электр стулигача қатл амалиёти осиш орқали амалга оширилган, аммо ҳаммаси тез ва нисбатан тоза амалга ошиши учун жаллод анча тер тўкиши - одамнинг бўйидан келиб чиқиб, арқонни  тўғри ўлчаши, ҳалқани тўғри боғлаши, бўйин тезроқ синиши учун оғирликни тўғри ҳисоблаши керак эди. Аксарият ҳолларда, эса зериккан томошабинлар жиноятчининг тезкор ўлими ўрнига, унинг узоқ вақт давом этадиган азобланишини томоша қилар эдилар.

Ўзбекистонда ўлим жазоси ўз самарасини бермаган - Йўлдошев коррупцияга қарши кураш ҳақида

Саккиз йил давомида махсус комиссия ўлимга махкум қилинганлардан қутулишнинг инсонпарварроқ усулини излаш билан шуғулланди. Шу тариқа, 1889 йил АҚШда электр токи ёрдамида ўлим жазосини ижро этишга рухсат берадиган қонун пайдо бўлди. Унинг ихтирочиси ким бўлгани унчалик аниқмас. Версияларнинг бирида у стоматолог Альфред Саутвик эканлиги айтилса, яна бири - Томас Эдисон бўлганини далиллайди. Афтидан, ушбу ихтиронинг оталари сифатида иккаловини ҳам тан олса бўлади.

Саутвик ўша комиссия аъзоси бўлиб, электр токини ёқлаб, жонбозлик қилган, сабаби, кунларнинг бирида бир пиёниста очиқ симга тегиниб, бир неча сония ичида вафот этганига шахсан гувоҳ бўлган. Эдисон эса бу методни синашда фаол иштирок этган. Нега? Ўша йилларда электр энергиясини ўзгарувчан ёки доимий оқим билан узатиш усуллари борасида "токлар уруши" рўй берган. Эдисон паст кучланишли доимий оқимни ёқлаган, ахир унинг компанияси чўғланиш лампочкаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланарди-да. Ихтирочи доимий оқим ўзгарувчан оқим каби хавфли эмаслигини таъкидлаб, ўзгарувчан ток билан ўлдиришнинг янги усулини ишлаб чиқишга қўшилди. Биринчи қурбонлар ҳайвонлар бўлди. Улар орасида беҳисоб мушук ва итлар бўлган. Тўрт оёқлилар 1000 вольт кучланиш босимидаги металл пластиналарга ўтқизилган.

Бруней султонлигида гомосексуализм ва зино учун ўлим жазоси кучга кирди

Электр стулидан фойдаланиш амалиёти 1890 йил 6 августда бошланган. Ўшандан буён 4000дан ортиқ одам стулда ўтирган. Қуйида "энг инсоний" қатл ҳақидаги бир қанча ҳайратомуз фактларни келтирамиз.

Биринчи қатл. Уильям Кеммлер

Биринчи қатл Нью-Йорк штатининг Оберн шаҳрида бўлиб ўтди. Уильям Кеммлер маст ҳолда ўз машъуқасини болта билан чопиб ташлагани учун қатл этилди. Қатлга 17 гувоҳ чақирилди, улар орасида The New York Times мухбири ҳам бор эди. Биринчи уриниш муваффақиятсиз кечди. Кучланиш остида ўн етти сониядан кейин ҳам маҳкум тирик эди. Иккинчи раззрядни кучлироқ, 200 минг вольт кучланишда беришга қарор қилишди, аммо бу учун вақт талаб этиларди. Иккинчи сафар, Кеммлер бир дақиқадан кўпроқ вақт давомида кучланиш остида бўлди. Хона одамнинг куйган гўшти ҳидига тўлганидан кейингина қатлни тўхтатишга қарор қилишди. Шифокорлар ўлим ҳолатини қайд этишди. Журналист бу усул осишдан кўра инсонпарварроқ эканидан шубҳаланиб қолди. Ўша вақтдан бери қатлнинг ўз тарафдорлари ва қаршилари пайдо бўлди. Биринчи тарафдорлар орасида, ўлим ҳолатини кайд қилган шифокорлар бор эди, ахир Кеммлер камерага кирганидан то унинг вафотигача атиги саккиз дақиқадан сал зиёд вақт ўтди, осиш эса одатда ярим соатча давом этади.

Олма-Ота суди 10 кишининг қотилига ўлим жазоси берди

Леон Франк Чолгош - президент қотили

1901 йилнинг 29 октябрида америкалик анархист Леон Франк Чолгош қатл этилди. У АҚШнинг 25-президенти Уильям МакКинлига суиқасд уюштирган. Чолгош Буффалода ўтказилган Панамерика кўргазмасида давлат раҳбарига қарата икки маротаба ўқ узган. Биринчи ўқ смокинг тугмасига тегиб, бошқа томонга ўтиб кетган, иккинчиси эса ошқозонни тешиб, орқа мушакларда қисилиб қолган. Ўқни олиб ташлай олишмади, лекин президент яна бир ҳафтадан кўпроқ яшади, у тузала бошлагандек туюлганди ҳатто, лекин кутилмаганда қон заҳарланиши бошланиб, МакКинли вафот этди. Чолгош қатли тўғрисидаги кўрсатмалар бир-бирига зид, баъзи манбаларга кўра, маҳкум узоқ азоб чекиши учун, ток кучланиши ҳар ҳил даражада берилган. Кейин унинг қолдиқлари устидан олтингугурт кислотаси ва оҳак қуйилиб, шу тарзда кўмиб юборилган. Баъзиларга кўра, буларнинг барчаси бошқа анархистларга сабоқ учун уюштирилган. Бошқаларнинг айтишича эса, қатл одатдагидек ўтказилган ва Чолгош кўп ҳам азоб чекмаган.

Японияда Сёко Асахара ва унинг сафдошлари дорга тортилди

Жорж Стинни - энг ёши

1944 йилнинг 16 июнида электр стулга энг ёш маҳкум ўтқазилди. Ўн тўрт ёшли кичик-Жорж Стинни 11 ва 8 ёшлардаги икки оқ танли қизалоқларни ўлдирганликда айбланган. Жанубий Каролинадаги Жорж Стинни истиқомат қилган кичик Алколу шаҳарчаси темир йўл орқали "оқ" ва "қора" қисмларга бўлинган эди. Қизалоқлар шаҳарнинг "қора" қисмига гул олишга ўтганида ғойиб бўлган. Бир неча кундан сўнг, уларнинг жасадлари зовурда бошлари ёрилган ҳолатда топилган. Суд жараёни икки соат давом этган, ҳакамлар ҳайъати эса қарорни деярли ўн дақиқада қабул қилган. Айблов, гўё уч нафар оқ танли полициячининг Стиннидан олган оғзаки иқрорига асосланган. Ҳимоя томондан гувоҳлари бўлмаган, ўн етти килограммлик темир бўлаги (лом) қотиллик қуроли сифатида хизмат қилган. На судья, на ҳакамлар ҳайъати  14 ёшли болакай қандай қилиб бундай оғир нарсани кўтарибгина қолмай, балки у билан бирданига иккита одамни ўлдириши мумкинлиги ҳақида заррача ўйлаб ҳам кўрмадилар.

Мисрда олти жиноятчи дорга тортилди

Қандай бўлмасин, Жорж Стинни ўлимга маҳкум қилинди. Ҳукм ижроси пайтида қамоқхона ходимлари муаммога дуч келишди, боланинг бўйи жуда паст эди, у стулга тўғри ўтира олмади. Унинг тагига Инжилни қўйиб беришди. Болакайга камерага олиб киришга рухсат берилган ягона нарса шу бўлган. 

2014 йилда Жорж Стинни иши қайта кўриб чиқилди. Округ судьяси процессуал қоидабузарликлар асосида эллик йил олдин чиқарилган ҳукмни бекор қилди. Бундан ташқари, судья ҳукм ижросини "ғайриоддий ва шафқатсиз жазо" деб атади, бу эса АҚШ Конституцияси саккизинчи тузатишига ишора эди. Ушбу модда бундай жазоларни таъқиқлар эди. Эҳтимол, судья, бошқа ҳолатлар қатори, келажакда электр стулини конституцияга зид равишда ижро этилиш усули сифатида тан олиниши учун бирон бир шов-шув чиқаришни хоҳлагандир.

Эр-хотин Розенберглар - СССР фойдасига жосуслик

Эр-хотин Юлиус ва Этэль Розенбергларнинг ҳукми маккартизм даврининг энг авж палласида чиқарилган - 1951 йилнинг 29 мартида улар Совет Иттифоқи фойдасига жосуслик қилганликда айбдор деб топилди. Суд уларни АҚШ атом сирларини СССРга берганликда айблади. Ҳукм икки йилдан кейин ижро этилди, шу вақт ичида эр-хотинларга чиқарилган ҳукмни бекор қилиш ёки авф этишга уринишди. Жиноят федерал даражада бўлгани сабабли, қатл бўйича қарорни президент имзолаши керак эди. Президентлик муддати тугаб бораётган Гарри Трумэн турли баҳоналар билан бу қарорни имзолашни ортга сурди. Аммо унинг вориси Дуайт Эйзенхауер иккиланмай қарор қабул қилди. Эр-хотин Синг-Синг қамоқхонасида қатл қилинди. Айтганча, Этель дарров жон бермади, жаллод ток оқимини унинг танасидан икки марта ўтказишига тўғри келган.

Бачабозлик учун ўлим жазоси тайинланган давлатлар рўйхати

Топси лақабли урғочи фил

Электр токи билан қатл этилган биринчи ҳайвон – циркнинг Топси лақабли урғочи фили бўлди. Гарчи у устидан суд жараёни бўлмаган бўлса-да, электр токининг жазо усули сифатида фойдаланган биринчи қурбонларидан бўлган. Бир неча йил ичида уч кишини ўлдирганидан кейин, 1903 йилда Топсидан қутулишга қарор қилишди. Қурбонлардан бири шафқатсиз ҳайвон ўргатувчи бўлган. Топсини хавфли деб топишди, урғочи филни дастлаб осиб ўлдириш режалаштирилган эди, аммо ҳайвонларга нисбатан шафқатсизликка қарши курашчилар норозилик намойиши ўтказгач, эгалари жазо чорасини ўзгартиришга мажбур бўлди.

Бруней султонлигида гомосексуализм ва зино учун ўлим жазоси кучга кирди

Айнан шу пайтда Эдисон етиб келди. Қатлдан олдин Топсига цианид калий қўшилган сабзи берилгани маълум. Америкалик ихтирочи хавфли жонивордан қутулишнинг "инсоний" усулини таклиф қилибгина қолмай, балки барчасини кинолентага суратга олди. Ҳа, у кино пайдо бўлиши ва ривожланишига ҳам алоқадор бўлган, аммо бу ерда эса шундай томоша турганида, имкониятни бой бермаслик керакда. Фильм "Филни электр токида қатл этилиши" деб номланди. Бу ҳақиқатда катта томоша эди, чунки у Кони-Айленддаги Луна-паркда бўлиб ўтган. 1944 йилда истироҳат боғи жамики аттракционлари билан бирга ёниб кетди, баъзилар бу Топсининг қасоси деб айтишганди. Қатлдан юз йил ўтгач, 2003-йилда Кони-Айленд музейида Топсига - "инсоний" усулдаги қатл қурбонига ёдгорлик ўрнатилди. Эҳтимол, Топси шундай қурбонлар орасида ягонаси бўлмаган.

Бугунги кунда электр стулдан фойдаланган ҳолда қатл жазоси фақат олтита штатда: Алабама, Флорида, Жанубий Каролина, Кентукки, Теннесси ва Вирджинияда қўлланилади. Аммо бу штатларда ҳам маҳкумлар электр стулдаги қатлни инсон ҳаётига нуқта қўйишнинг яна бир "инсоний" усули - ўлим инъекцияси билан алмаштириш ҳуқуқига эга.