ТОШКЕНТ, 29 июл - Sputnik. Ёқтирган йигитига шахсий фотосуратларини юборган ғиждувонлик қиз товламачилик қурбонига айланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.
Хабарда айтилишича, ҳодиса жорий йил апрель ойидан бошланган.
Қизни ўз таниши - 31 ёшли аёл шантаж қилган. Яъни ёқтирган йигитига Telegram орқали интим суратларни юборганлигини кўриб қолганлигини айтиб, ушбу фотосуратларни ота-онаси ва бошқаларга кўрсатиб, шарманда қилиш билан таҳдид қилишга киришган.
Яқинларига шарманда қилмаслик, шахсий маълумотларни сир сақлаш эвазига апрель ойидан то 20 июль кунига қадар бўлган вақт оралиғида аёл қиздан жами 3 минг 700 АҚШ доллари, умумий баҳоси 20 миллион сўм бўлган бир дона тилло занжир, уч дона аёллар тилло узуги ҳамда бир дона аёллар тилло зирагини қўлга киритган.
Жорий йилнинг 20 июль куни шантажчи ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, қиздан фотосуратларни тарқатмаслик эвазига яна 1 минг АҚШ доллари талаб қилган ва айтилган пуллардан 200 долларини олаётган вақтда Ғиждувон туман ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ғиждувон туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.