ТОШКЕНТ, 30 май - Sputnik. Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ўсмирлар ўртасидаги интим алоқалар туфайли "маънавиятсизлик тобора ўсиб бораётгани" ҳақида гапирди. Бу ҳақда argumenti.ru хабар берган.
Бундан ташқари, у, эрта содир бўладиган жинсий алоқаларни давлатга хиёнатга тенглаштирди. Ёш йигит-қизларнинг бу сингари ўзини тутиши "душманларга жамиятимизни пораканда қилишда қўл келмоқда", дейди КХДР етакчиси.
New York Post нашрида ёзилишича, Ким Чен Ин буларнинг барчасида капитализм ва порнография айбдорлигини, айнан шу туфайли ўсмирлар бузилиб кетганини қайд этган.
"Сўнгги вақтларда катта синф ўқувчилари ахлоқсиз сексуал оғишларда тобора кўпроқ иштирок этмоқда ва Корея ишчи партияси Марказий қўмитаси уларга қарши қатъий чоралар кўриш бўйича директива нашр этди", - деб баёнот қилган Шимолий Корея етакчиси.
Ҳужжатга кўра, ота-оналар ва мактаб раҳбарияти "тарбиясиз ёшлар учун" жавобгар бўладилар.
Ким Чен Ин "жинсий ахлоқсизлик" ўсишини тўхтатиш йўли ҳақида ҳам фикр билдирган. КХДР етакчисига кўра, мактаб ўқувчилари таъқиқланган материаллар ёки ножоиз сайтларга кирмаётганини назорат қилиш учун уларнинг телефонлари ёки бошқа қурилмаларини мунтазам текшириб бориш зарур.