ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.
Бир сутка давомида 443 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 18 324 нафарни ташкил қилмоқда.
Янги касалланиш ҳолатларининг 93 нафари Карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган) орасида, 60 нафари Тошкент шаҳрида тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Даволаниш кўрсаткичи
Бугуннинг ўзида 145 нафар бемор тузалиб, ўз уйларига кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 9 554 нафарга етди.
Айни пайтда 8 673 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.
Уй шароитида даволанаётганлар сони 1 минг 706 нафарни ташкил қилмоқда.
Ўлим ҳолатлари
Нукус шаҳрида яшовчи 42 ёшли Б.Д.да (эркак) жорий йил 3 июль куни “COVID-19” инфекцияси тасдиқланган ва Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Унга “COVID-19” инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги, полиорган етишмовчилиги, семизлик 2-даражаси асоратлари билан кечган.
Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.
Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.
Яна бир ҳолат: Яккасарой туманида яшаган 80 ёшли В.Х. (аёл)да 18 июль куни “COVID-19” тасдиқланган ва у Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникаси реанимация бўлимига ётқизилган. Унга “COVID-19” инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган.
Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.
Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.
Ўзбекистонда жами 97 киши пандемия қурбони бўлди.
Ватанга қайтган талабалар
Новосибирск шаҳрида таҳсил олаётган 200 га яқин ўзбекистонлик талаба чартер рейс орқали мамлакатга олиб келинди. Сибир федерал округида таҳсил олаётган талабалар карантинга олинади.
Тест синовлари
Тест синовларини кейинга кўчириш бўйича таклиф берилган. Карантин чекловлари қачон бекор қилинса, имтиҳон ўшанда ўтказилади.
“Агар 15 августда бекор қилинса, 15 августдан кейин, 1 сентябрда бекор қилинса, 1 сентябрдан кейин ўтказилади. Имтиҳонлар ўтказиладиган жойлар ҳали тасдиқланмаган. Тасдиқлангандан кейин маълум қилинади. Стационарга айлантирилган павильонда имтиҳон ўтказилмайди.
Тест синовлари учун танланган жойлар катта сиғимли иншоот бўлиши аниқ” – деди ДТМ бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов.
ЖССТ ёрдами
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси Ўзбекистонга қиймати 4 миллион доллардан зиёд инсонпарварлик юкини етказиб берди. 1-чи партияда - 619,4 минг дона ҳимоя воситаси ва 2,1 млндан зиёд жарроҳлик ниқоби, 2 - чи партияда ҳимоя кўзойнаги (95,2 минг дона), ҳимоя халатлари (178 минг дона), жарроҳлик ниқоблари (12 минг дона), KN95 респиратор ниқобларидан (1 млн дона) етказиб берилди.
Дунё саломатлиги
Сўнгги маълумотларга кўра, инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 14,9 миллиондан ошди, 616 минг киши вафот этди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (3,9 млн), Бразилияда (2,2 млн), Ҳиндистонда (1,2 млн).