ТОШКЕНТ, 30 июн — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.
Бир сутка давомида 87 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 8385 нафарни ташкил қилмоқда.
Янги касалланишлар: 72 нафари — карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган), 11 нафари — Тошкент шаҳрида (7 нафари бемор билан мулоқотда бўлган, 4 нафари аҳоли орасида), 4 нафари — Тошкент вилоятида (3 нафари бемор билан мулоқотда бўлган, 1 нафари аҳоли орасида).
Даволаниш кўрсаткичи
Бугуннинг ўзида 73 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 5569 нафарга етди.
Айни пайтда 2791 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.
25-ўлим
Жиззах вилоятида коронавируснинг 25-қурбони қайд этилди. Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида яшовчи коронавирусга чалинган 72 ёшли отахон Қ.Р. бемор ўткир миокард инфаркти, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.
Карантин кучайиши
Ўзбекистонда 1 июлдан карантин чоралари кучайтирилади. Республиканинг барча ҳудудларида йирик буюм бозорлари ҳамда буюм савдоси билан шуғулланадиган йирик савдо мажмуалари ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари санитария-дезинфекция ишларини амалга ошириш учун ёпилади.
“Қизил” ва “сариқ” ҳудудларда соат 07:00 дан 23:00 га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда 23:00 дан 07:00 га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқланади.
“қизил” ва “сариқ” ҳудудларда ҳафтанинг шанба ва якшанба кунларида жамоат транспорти ҳаракати камайтирилади.
Коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган давлатлардан (қизил рейслар) Ўзбекистонга кириб келаётган фуқароларга ўз ҳоҳишига кўра 14 кунлик карантин назорати даврини ҳақини тўлаган ҳолда меҳмонхонада ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланди.
Уйда даволанаётганлар устидан назорат
Ўзбекистонда касаллик аломатларисиз кечаётган енгил шаклдаги беморларни уй шароитида даволаш ва парваришлаш тартиби ишлаб чиқилади ҳамда қабул қилинади.
Шунингдек, ички ишлар ва Миллий гвардия органлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан уй шароитида даволанаётган касаллик аломатларисиз кечаётган енгил шаклдаги беморлар ва карантинга олинган мулоқотдагиларни яшаш манзили бўйича қатъий назорат олиб борилади.
Уч тоифа
Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олган беморлар уч тоифага ажратилмоқда:
- коронавирус инфекциясининг енгил шакллари аниқланган (касаллик аломатларсиз ўтаётган) беморлар;
- коронавирус инфекцияси ўртача оғир кечаётган (тана ҳарорати кўтарилаётган) беморлар;
- коронавирус инфекцияси оғир кечаётган беморлар. Бу ҳақда батафсил.
5 млн доллар
Жанубий Корея ҳукумати Ўзбекистонда COVID-19 га қарши курашиш учун 5 миллион доллар миқдорида фавқулодда ёрдам кўрсатишга қарор қилди.
Дастурни тез фурсатларда амалга ошириш мақсадида Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОIСА)нинг Тошкентдаги ваколатхонаси билан Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш режалаштирилган.
Дунё саломатлиги
Сўнгги маълумотларга кўра, инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 10,6 миллиондан ошди, 506 минг киши вафот этди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (2,5 млн), Бразилияда (1,3 млн), Россияда (640 минг). Дунёда COVID-19 пандемияси тарқалиши айрим давлатларда вазият яхшиланганига қарамасдан тезлашмоқда.