Мирзиёев журналистларга табрик йўллади

Мирзиёевнинг таъкидлашича, айни вақтда жаҳондаги етакчи медиа компанияларининг кадрлар тайёрлаш ва улар билан ишлашга оид тажрибасини чуқур ўрганиб, чет эллик журналистлар билан тажриба алмашиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш зарур.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 июн - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ОАВ ходимларини касб байрами билан табрик йўллади. Табрикда бугунги кунда айрим журналист ва блогерларда билим ва профессионал малака, баҳс маданияти етишмаслиги жамоатчиликни ташвишлантираётган масала эканлиги таъкидланган.

"Фурсатдан фойдаланиб, жаҳон миқёсида юз берган пандемия туфайли вужудга келган бугунги мураккаб вазият ва қийинчиликларга қарамасдан, аҳолига тезкор ва ишончли ахборот етказиб бериш, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни атрофлича акс эттириш йўлида ўз профессионал бурчини сидқидилдан адо этиб келаётган сиз, журналистлар аҳлига чуқур миннатдорчилик билдираман", - дейилган табрик аввалида.

Ўзбекистон журналистикаси ветеранларига 150 миллион сўм ажратилди

Президент мамлакат тараққиётини янги босқичга кўтаришда ахборот соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётганини эслатиб ўтган.

Кейинги уч йилда бу борада ўндан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Хусусан, "Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент қарорига мувофиқ бу соҳада янги тизим яратилган.

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида ўтган бир йил давомида кўплаб вазирлик ва идораларда ахборот хизматлари замон талаблари асосида қайтадан, 201 та туман ва шаҳар ҳокимликларида эса биринчи марта ташкил этилган.

Журналистика университетида қўл бериб кўришиш тақиқланди

"Албатта, бугун биз ҳамма соҳада, жумладан, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш борасида ҳам изланишдамиз. Бинобарин, бу йўлда ютуқлар билан бирга, камчилик ва нуқсонлар бўлиши ҳам табиийдир. Бу ҳақда гапирганда, миллий медиа майдонимизда замоннинг ўткир талаб ва мезонлари, энг муҳим тенденцияларини очиб бериш, танқидий таҳлил, одамлар кутаётган мавзу ва муаммоларни дадиллик билан ўртага ташлаш ҳали ҳам етакчи ўрин эгалламаётганини айтишга тўғри келади. Афсуски, аксарият ахборот воситаларида ижтимоий салмоғи енгил бўлган, ҳисобот ва баландпарвозлик руҳидаги материаллар ҳануз устунлик қилмоқда. Яна бир муҳим масала – айрим журналист ва блогерларимизда билим ва профессионал малака, баҳс маданияти етишмаслиги жамоатчиликни ташвишлантирмоқда", - дея таъкидлайди Ўзбекистон раҳбари.

Президент у борадаги энг асосий вазифа – ана шундай камчиликларни чуқур ўрганиб, уларни бартараф этиш, мавжуд миқдор кўрсаткичларини сифат кўрсаткичларига айлантириш, оммавий ахборот воситаларининг самарадорлигини оширишдан иборатлигини қўшимча қилган.

"Биз бугун ҳуқуқий демократик давлат қураётган эканмиз, журналистиканинг бутун дунёда эътироф этилган, ўзгармас талаб ва мезонларига амал қилишимиз зарур. Бу мезонларнинг энг асосийси – холислик ва ҳаққонийликдир. Бинобарин, матбуот майдонига кирган инсон – у журналист бўладими, блогер бўладими, бундан қатъи назар – ана шу қоидаларга амал қилиши шарт.

Мирзиёев журналистлар, раҳбарлар ва янги Ўзбекистон ҳақида

Биз бўлғуси журналистларимиз чуқур билим ва касб маҳоратини, она тилимиз билан бирга чет тилларни, фаол фуқаролик позициясини, ахборот-коммуникация технологиялари, нотиқлик малакасини пухта эгаллашларига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Ана шундай етук кадрларни тайёрлашда энг аввало ўзимизнинг бой маънавий меросимизга таянсак, албатта натижа бўлади. Бу борада жадидлар, хусусан, бу йил 145 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланаётган улуғ аллома ва публицист Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг миллий журналистика мактаби айниқса муҳим аҳамиятга эга.

Сиз азизларнинг бугунги касб байрамингиз баҳона бир эзгу таклифни илгари сурмоқчиман. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги стипендияни таъсис этсак, ўйлайманки, бу ҳам ёшларимизни миллий ғоя руҳида тарбиялашга хизмат қилади", - дея таъкидлаган Мирзиёев.

Шунингдек, айни вақтда жаҳондаги етакчи медиа компанияларининг кадрлар тайёрлаш ва улар билан ишлашга оид тажрибасини чуқур ўрганиб, чет эллик журналистлар билан тажриба алмашиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги қайд этилган.