ТОШКЕНТ, 25 апр - Sputnik. Ўзбекистон журналистикаси ветеранларига 150 миллион сўм ажратилди. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида хабар берди.
""Xavfsiz Yordam" лойиҳасини давом эттирган ҳолда журналистика ва телекоммуникация соҳасининг 100 нафар вакиллари рўйхатини шакллантирдик. Мазкур рўйхатнинг асосини журналистика соҳасида узоқ йиллар фаолият юритган фахрийлар ташкил қилди, шунингдек саломатлигини тиклаш учун даволанаётган ҳамда турли оилавий сабабларга кўра ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган журналистлар ҳам киритилди. Рўйхатни шакллантиришда, тегишли ташкилотлар ҳамда ижтимоий тармоқлардаги журналистлар гуруҳлари яқиндан ёрдам беришди", - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Фонд томонидан рўйхатдагиларга икки босқичда жами 150 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилади. Хусусан, биринчи босқичда уларнинг уйларига озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами етказилиш бошланган бўлса, кейинги босқичда уларнинг ҳар бирига махсус пластик карточкаларда 1 млн сўмдан пул маблағлари тақдим этилади.