Нурмат Отабеков аҳоли орасида тарқалаётган миш-мишларга изоҳ берди

Аҳоли орасида тарқалаётган, касалланганлар сони ҳақидаги рақамлар гўёки бўрттириб кўрсатилаётгани ҳақидаги хабарларга Ўзбекистон бош санитария врачи изоҳ берди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 июн - Sputnik. Ўзбекистонда касалланганлар сони ҳақидаги рақамлар бўрттириб кўрсатилаётгани йўқ. Бу ҳақида Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков АОКАда бўлиб ўтган брифингдан сўнг жавоб қайтарди.

Ўзбекистонда коронавирус: 17 июнь асосий хабарлари

Журналистларнинг, аҳоли орасида гўёки одамларни карантинда ушлаб туриш учун беморлар сони бўрттириб кўрсатилмоқдами, хабарларда эълон қилинаётган беморлар сони ҳақиқийми?, -деган саволига Отабеков қуйидагича жавоб берди:  

- Рақамларни бўрттириб кўрсатиш ёки уларни каттароқ рақам қилиб кўрсатиш — ҳеч қачон Ўзбекистондаги соҳа вакилларининг мақсади бўлган эмас. Энг асосийси, бизда касалликни яширишга уриниш йўқ.

Лаборатория текшируви натижасида аниқланган ҳар бир шахс қайси ҳудуддан экани, қайси аҳоли қатламига мансуб экани, у карантин ҳудудида ё хориждан келан фуқаролар орасида қайд этилаётгани тўғрисида тўлиқ ахборотни бир кунда 2 маротаба телевидение орқали оммага етказяпмиз.

Асосий мақсадимиз — уларни хавотирга солиш эмас, уларни хушёрликка чақириш. Касаллик қўзғатувчилари атрофимизда борлигини, ҳар бир эҳтиётсизлик касалликни юқтириб олиш эҳтимолини юзага келтириши мумкинлигини биз қайта-қайта эслатяпмиз.

Дунё статистикасига аҳамият беринг: бир кунда, масалан бугун (15 июнь) жаҳон миқёсида 123 мингта бемор қайд этилди, кеча 140 минг бемор аниқланган.

1 августдан барча ҳудудий аэропортларда “очиқ осмон” режими жорий этилади

Албатта, дунё ҳамжамиятидаги рақамларнинг олдида Ўзбекистонда кўрсаткичлар бирмунча паст. Буларнинг барчаси — биз, сизлар билан биргаликда олиб бораётган тарғибот-тушунтириш ишларимиз, қолаверса, шу ишга жалб қилинган соҳа ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижаси.

Асосий мақсад эпидемик вазиятни жиловлашга қаратилган. Биз касаллик кенг кўламда аҳолига тарқалиб кетишининг олдини олиш бўйича ҳамма ишларни қиляпмиз. Аҳолига тўғри маълумотни ўз вақтида етказишга ҳаракат қиляпмиз.